Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори эълон қилинди. Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
- давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади, шунингдек, заруратга кўра, давлат музейлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин;
- пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади, қўшимча тўловлар тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби музейлар томонидан уларнинг юқори турувчи органи билан келишган ҳолда белгиланади;
- давлат музейларига уларда ташкил этиладиган хизматлар учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги билан келишган ҳамда бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида қўшимча ходимларни жалб этишга рухсат берилади.
- Давлат музейлари томонидан хизматларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, музейларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Маданий мерос жамғармаси маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.






