Сал аввал Қашқадарё вилояти, Қарши туманидаги ҳарбий қисмга хизматни ўташ учун юборилган аскар Руслан Қидиралиев вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълум қилинишича, суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскарнинг ўлимига “юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.
Аммо бунга ишонмаган марҳумнинг ота-онаси журналистлар орқали ҳақиқатни юзага чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Улар экспертиза хулосаларида келтирганидек, йигитда қандайдир сурункали касаллик бўлганида бу ҳарбий хизмат олди ўтказиладиган тиббий кўрикда аён бўлган бўлиши ва уни ҳарбий хизматга олишмаслигини таъкидлашган.
Айни вақтда ҳолат бўйича Мудофаа вазирлиги ҳам баёнот берди.
"Маълум қиламизки, Қарши шаҳридаги ҳарбий қисмда хизматни ўтаган муддатли ҳарбий хизматчининг вафот этганлиги ҳолати юзасидан бугунги кунда Қарши ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат натижаси ҳақида қўшимча хабар қилинади",-дейилади унда.
Эслатиб ўтамиз, аскар иши Бош прокуратура ҳам назоратига олинди.






