Бир муддат аввал Ўзбекистон – Япония ўйинига ўзбекистонлик мухлислар киритилмаслигини, улар томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатлар юзасидан ОФК тартиб-интизом қўмитаси тегишли қарор қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Айни дамда Ички ишлар вазирлиги ҳам Ўзбекистон—Япония ўйинига келмасликни тавсия этмоқда.
"Юртдошларимизга футбол учрашувини томоша қилиш учун стадионга келмасдан, оила даврасида телеканаллар орқали кузатиб боришлари тавсия этилади",-дейилади ИИВ матбуот котиби тақдим этган хабарда.
Шунга қарамай, кеча ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролар томонидан футбол учрашувини томоша қилиш учун стадион атрофига катта монитор қўйиб бериш сўралган эди. Бу орқали спортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган эди.
Ҳозирда монитор деярли ўрнатиб бўлинди ва у ярим финал томошаси учун шай турибти.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бугун, 15 июнь куни Чилонзор туманининг бир қатор кўчаларида йўл таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан соат 17:00 дан соат 24:00 гача бўлган вақтда автотранспорт воситалари учун ҳаракат вақтинчалик чекланишини хабар қилганди.
Жумладан:
- Муқимий ва Чилонзор кўчалари чорраҳасидан Чилонзор ва КҲАЙ кўчалари чорраҳасигача бўлган қисми;
- Муқимий ва Арнасой кўчалари чорраҳасидан Чўпонота ва Арнасой кўчалари чорраҳасигача бўлган қисми;
- Бунёдкор иккинчи даражали кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган қисми.






