“Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Республика тез тиббий ёрдам маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ва унинг 14 та ҳудудий филиаллари тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида ташкил қилинади ва тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, ҳудудларда тез тиббий ёрдам бўйича ягона “Call-марказ”лар фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда айни дамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, вазирлик Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони ҳамда давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари, марказий туман (шаҳар) шифохоналари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги автохўжаликларнинг янгиланган штат нормативларини ишлаб чиқиши ва бу 2022 йил 1 сентябрга қадар тасдиқланиши белгиланди.
Шу жумладан, тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ва аҳолига янада яқинлаштиришга оид дастур ҳамда тизимдаги мавжуд автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 сентябрга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлигининг тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими Тошкент шаҳри тажрибаси асосида республиканинг бошқа ҳудудларида тўлиқ жорий қилинади.
Бунда, 2022 йил 1 декабрга қадар Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари;
2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари туман (шаҳар)ларидаги диспетчерлик хизматлари тугатилиб, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида Марказнинг ҳудудий филиалларида ягона “Call-марказ”лар фаолияти йўлга қўйилади.






