АсосийJamiyat

Ҳаж-2022: илк зиёратчилар сафарга отланишди

'Ҳаж-2022: илк зиёратчилар сафарга отланишди'ning rasmi

Куни кеча, 17 июндан 18 июнга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат 01:10 да "O'zbekiston Airways"нинг, бортида 245 нафар зиёратчи бўлган, биринчи рейси Тошкентдан Мадинага (Саудия Арабистони) жўнаб кетди. Шу куни Тошкентдан 02:50, 04:10 ва 16:10 да худди шунча йўловчиси бўлган яна учта рейс учиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 18 июндан 30 июнгача Мадина шаҳрига Ўзбекистоннинг етти ҳудудидан самолётлар  учиши режалаштирилган. Бу йил энг кўп зиёратчилар Наманган шаҳрига тўғри келмоқда – жами 16 та рейсда 3916 йўловчи Ҳаж амалларини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетишади. Пойтахтдан Ҳажга отланганлар сони бироз камроқ – Саудия Арабистонига 15 рейсда 3587 нафар йўловчи кетиши кутилмоқда. Бортида 1209 йўловчи бўлган 5 та самолёт Қаршидан, Самарқанддан учта рейс ва 735 йўловчи, Бухородан 3 та рейс ва 717 та йўловчи, Урганчдан иккита самолётда 490 та йўловчи, Нукусдан битта рейс ва 246 та зиёратчи Ҳаж сафарига боришлари кутилмоқда.

Зиёратчилар аэропортга махсус автобусларда етиб келишади ҳамда рўйхатдан ўтгандан сўнг кутиш зонасига жойлаштирилади. Шу билан бирга, мазкур рейслар давомида пойтахт аеропорти эстакадасида ҳаракат вақтинча чекланади ва терминалга кириш фақат йўловчилар учун бўлади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам зиёратчиларнинг яқинларига, терминал ва вокзал атрофида тирбандликни олдини олиш мақсадида, ўз яқинларини аэропортда эмас, балки зиёратчиларнинг сафар олдидан йиғилиш жойлари – масжидларда кузатишни тавсия қилмоқда.

Ўз навбатида Ҳажга борадиганлар учун республика аэропортларида қўшимча шарт-шароит ва қулайликлар яратилди. Тошкент аэропортида мазкур рейслар йўловчиларига хизмат кўрсатиш учун «Б» зонасида иккита кутиш заллари таъмирдан ўтказилди ва ишга туширилди, бу ерда етарли миқдорда ўриндиқлар ўрнатилиб, зиёратчиларга кутиш давомида ичимликлар ва газаклар таклиф этилади, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар