АсосийJamiyat

​​Самарқанддаги фермер хўжалиги Афғонистонда савдо маркази очди

'​​Самарқанддаги фермер хўжалиги Афғонистонда савдо маркази очди'ning rasmi

Самарқанд туманидаги “Navobod naslli parranda” кўп тармоқли фермер хўжалигида айни пайтда 500 нафарга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Бу ерда парваришланаётган паррандалар сони 300 мингтага етган, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Хўжалик томонидан ички бозорга наслли бройлер жўжалар, парранда гўшти, парранда учун омихта ем маҳсулотлари етказиб бериляпти. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида 13,5 миллион АҚШ доллари миқдорида парранда гўшти ва омихта ем Россия, Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон ҳамда Қозоғистон давлатларига экспорт қилинди.

— Деярли барча вилоятларда савдо марказларини ташкил этганмиз ва аҳоли хонадонлари учун бир кунлик наслли бройлер жўжалар ҳам етказиб берилмоқда, — дейди “Navobod naslli parranda” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдар Ўроқов. — Яқинда қўшни Афғонистонда савдо марказимизни очдик. У ерда наслли жўжалар ва парранда учун омихта ем сотуви йўлга қўйилган.

Фермер хўжалигининг 105 гектар ерда токзори ҳам бор. Бунда етиштирилаётган оқ кишмиш навли узум қайта ишлаш цехида замонавий технология асосида қуритилиб, қадоқланган ҳолда экспортга йўналтирилади, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар