"Айирмачилик, оммавий тартибсизликка, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга кескин чора кўрилади"

ЖАМИЯТ 03.07.2022, 17:17
"Айирмачилик, оммавий тартибсизликка, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга кескин чора кўрилади"

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашув ўтказаётган Шавкат Мирзиёев қоралпоқ халқига мурожаат йўллади.

"Ҳурматли депутатлар ва Қорақалпоғистон аҳли! Маълумки, кейинги йилларда биз сизлар билан биргаликда Қорақалпоғистонни ижтимоий, иқтисодий, маданий ва инновацион жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларини амалга оширдик. Уларнинг амалий натижаларини ушбу диёрда яшаётган ҳар бир инсон бугун ўз ҳаётида ҳис этмоқда",-дейди давлат раҳбари.

Қайд этилганидек, охирги беш йилда ҳудуднинг маҳаллий бюджетига қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимояси, хусусан, камбағалликни қисқартириш бўйича юрик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “темир дафтар”га киритилган  

"65 мингга яқин оилага, 16 ёшгача болаликдан ногирон аъзоси бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган 17 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Биргина 2020 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад 3 баробарга ошди.  

Сўнгги беш йилда қурилиш ишлари ҳажми 3,5 марта ўсди. Ўнлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий агрокластерлар, қўшма корхоналар ишга туширилди. Республикада минглаб янги объектлар барпо этилди, реконструкция қилинди ва таъмирланди. Жумладан, кўплаб болалар боғчалари, умумтаълим ва ихтисослашган мактаблар, олийгоҳлар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт масканлари фойдаланишга топширилди. Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 32 фоиздан 75 фоизга етди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, аҳолини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш, ирригация ва мелиорация тармоқлари ҳолатини яхшилаш бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда",-дейди Мирзиёев.

У сўзида давом этаркан, Оролбўйи минтақаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

"Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, ҳудудни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда. Хусусан, бир пайтлар ночор аҳволга тушиб қолган Мўйноқ бугун бутунлай янгича қиёфа касб этиб, жадал ривожланиб бораётган замонавий туманлардан бирига айланди.

Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Оролбўйи ҳудудининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича беш йиллик миллий дастур ишлаб чиқилмоқда. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Юксак халқаро минбарлардан доимо Орол муаммосига жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратиб келмоқдамиз"-дейди президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар бундан буён ҳам албатта изчил суръатларда давом эттирилади.  

"Чунки Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти вафаровонлигидир.  

Мен ҳаёт синовларида тобланган қорақалпоқ халқининг донишмандлигига ишонаман ва уларни ақл-идрок билан иш тутишга, турли хил,  жумладан, четдан бўлаётган ғаразли чорлов ва ҳаракатларга алданмаслик, уларнинг қурбонига айланмасликка чақираман.  

Айирмачиликка, оммавий тартибсизликларга, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилади, айбдорлар эса муқаррар жазога тортилади.  

Аминманки, Қорақалпоғистоннинг меҳнаткаш, донишманд, олижаноб ва бағрикенг эли мана шундай мураккаб даврда ўзбек ва қорақалпоқ халқлари тақдирининг бирлиги ва яхлитлигига, оғизбирчилигига асосланган муқаддас қадриятларини бундан буён ҳам кўз қорачиғидек асраб-авайлаб яшайди.  

Содир бўлган воқеалар бизни янада ҳушёр ва сезгир бўлишга чақиради. Бугун жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун, фарзандларимиз ва набираларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун метин ирода, жипслик ва якдиллик ҳар қачонгидан ҳам зарурдир",-дейди у.

Эслатиб ўтамиз, сал аввал Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги вазият бўйича баёнот бериб, Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича қарорларини олқишлашини ва қўллаб-қувватлашини билдирган эди.

Дилбар Абдунабиева.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1