Аввалроқ, Тошкентда ўзганинг хонадонига кириб, уй эгасининг оғзини скотчлаб, уйдаги сейфни ҳамда Жентра русумли автомашинани олиб қочгани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент шаҳар суди Матбуот хизматининг хабар қилишича, ушбу 8 нафар "уддабурон" босқинчиларга суд ҳукми ўқилди.
Хабарда айтилишича, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида, видеоконференцалоқа тизими орқали ўтган очиқ суд мажлисида, судья Ойбек Ҳайитов раислигида 8 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқилди.
Судланувчилар М. Р. , А. Б. ва О. С. бир гуруҳга бирлашиб, олдиндан жиноий тил бириктиришади. О. С. берган маълумотига кўра, М. Р. ва А. Б. Янгиер шаҳар, З. Бобур МФЙдаги уйда яшовчи фуқаронинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ушбу хонадондан моддий қимматликларни босқинчилик йўли билан эгаллашни мақсад қилишади. Ушбу хонадонни олдиндан кўздан кечириб, А. Б. билан биргаликда юзларига қора ниқоб, қўлларига қўлқоп ва ўзлари билан олиб келган скотч ва мих суғургич (гвоздёр) билан фуқаронинг хонадонига қўшни хонадон орқали деворни ошиб ўтиш орқали киришга эришади. Ушбу хонадонда ёлғиз бўлган, вояга етмаган ўғлини ҳаммомда ювинаётганлигидан фойдаланиб, уни уриб тан жароҳати етказиб, унинг қўли, оёғи ва оғзини ўзлари билан олиб келган скотч бўлаклари билан боғлаб, ўлдириш билан қўрқитиб, зўрлик ишлатиб, хонадоннинг ётоқхонаси эшигини ўзлари билан олиб келган мих суғургич билан бузишга ҳаракат қилишади. Бироқ мақсадларига эриша олмагач, ушбу хонага дераза орқали киришиб, ётоқхонадаги кийим жавони ичида бўлган жами 18 000 000 сўмга яқин пулларни босқинчилик йўли билан эгаллаб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинишиб, жиноий йўл билан топилган пуллардан 7 000 000 сўмини О. С.га бериб, қолган пулларни ўзаро тақсимлаб олишган.
Бундан ташқари, судланувчилар Д. А., М. Р., А. Т., М. С., Т. Т., Б. Э. ва А. Б. олдиндан жиноий тил бириктириб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини гуруҳ таркибида босқинчилик йўли билан талон-торож қилишни мақсад қилишади. Юзларига ниқоб тақиб, ўткир тиғли жисмлар билан қуролланган ҳолда, Юнусобод тумани, 2-Отчопар маҳалласида истиқомат қилувчи, 61 ёшли аёлни уйда ёлғиз қолганлигидан фойдаланиб, мазкур уйга ғайриқонуний равишда бостириб киришади. Аёлга ҳужум қилиб, унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, пичоқ тираб, оғзини ва қўлларини скотч билан боғлашади. Уйнинг ётоқхонасидаги баҳоси 1 млн. сўмлик сейф ва унинг ичида бўлган 15 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини эгаллаб олиб ҳодиса содир бўлган жойдан яширинишган.
Шунингдек, пулларни босқинчилик йўли билан қўлга киритиб чиққанларидан сўнг, ҳодиса содир бўлган жойдан яшириниш учун, транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида, мазкур уй олдида турган 61 ёшли аёлнинг икки нафар қизига пичоқ билан таҳдид қилиб, 61 ёшли аёлнинг қизи бошқарувидаги “Gentra” русумли автоуловни эгаллаб олишиб, ушбу автоуловни номаълум томонга олиб қочишган.
Суднинг ҳукмига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми “а” банди ва 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисми “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Т.Т.га нисбатан тайинланган жазони Жиноят кодексининг 60,61-моддалари тартибида жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Ховос туман судининг 2018 йил 18 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмига қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 15 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган 4 нафар судланувчига узил-кесил 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва уларнинг бир нафари, яъни Тожикистон Республикаси фуқароси бўлган судланувчи жазони ўтаб бўлгач, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сонли қарорида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборилиши белгиланди.
Яна икки нафар судланувчига узил-кесил 15 йил 6 ой, саккизинчисига эса 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг, судланувчилар Т. Т., А. Т., Б. Э., М. Р., А. Б., М. С. ва Д. А. дан солидар тартибда 2 нафар жабрланувчи аёллар фойдасига 7500 АҚШ доллари ва автомашинага етказилган зарар учун 1 300 000 сўм, судланувчилар М. Р., О. С. ва А. Б. дан солидар тартибда жабрланувчи эркак фойдасига 13 144 852 сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.
Манфаатдор томонларга етказилган бошқа моддий ва маънавий зарар бўйича фуқаролик иш юритуви тартибида фуқаролик судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилди.
Апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, маҳкум, жабрланувчи томонидан эса ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин. Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади.






