Актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова ўзининг қоидабузар ҳайдовчи эканлигини тан олди.
У доим шошилганидан автомобиль ҳаракати вақтида қўрқмасдан бошқа ишлар билан бемалол шуғуллана олишини таъкидлади.
Ўзининг “Инстаграм”даги саҳифасида актриса шундай деб ёзади:
“Доим шошилиб юраман, шошилиб иш қиламан, ҳеч нимадан қўрқмайман. Ҳар бир сониямни, вақтимни қизғанганимдан, ишларим кўплиги сабабли бир вақтда рулда овқатланиб, рулда макияж қилиб, сочимни турмаклаб кетаман. Бунинг учун ЙПХ ходимларидан узр сўрайман.”
Мазкур изоҳга хулоса тарзида Шаҳзода бундай ҳаракатни тавсия этмаслигини ҳам айтиб ўтган.
Лабига бўёқ суриб кетаётган актрисанинг сурати автомобиль ҳаракатланаётган вақтда олингани кўриниб турибди.
Шу ўринда актриса ва у каби ҳайдовчиларга бундай ҳаракат нафақат уларнинг балки йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари, хусусан пиёдаларнинг ҳаётига хавф солиши мумкинлигини унутмаслигини ҳам эслатиб қўйишни жоиз деб топдик. Зеро, йўл-транспорт ҳаракатида ҳар сония инсон ҳаётини ҳал қилиши мумкинлигини унутмаслик лозим!