Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов фермерларга мурожаат йўллади.
Унинг таъкидлашича, вилоят ғаллакорлари томонидан бугунгача давлатга 370 минг тоннага яқин ёки ўтган йилга нисбатан 50 минг тоннадан зиёд бошоқли дон топширилган.
" – Юртимиздаги тўкислик, файзу барака, неъматларнинг бисёрлиги ҳақида сўз кетар экан, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган фидойи, жонкуяр инсонларнинг меҳнатини, куну тун тиним билмай олиб бораётган хизматларини ҳис этамиз.
Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуслари ҳамда раҳбарликлари остида қишлоқ хўжалиги тармоғидаги ишларни изчил ривожлантириш, мамлакатимизда қулай агробизнес муҳитини яратиш, бу борада инвестициявий жозибадорликни ошириш, соҳани саноатлаштириш масаласига устувор аҳамият қаратилаяпти. Ўзбек деҳқонларининг номини юксакларга кўтариш имкони яратилмоқда. Бунга жавобан деҳқон ва фермерларимиз ҳам илм-фан ютуқларини пухта ўргангани ҳолда, кўп йиллик бой билим ва тажрибаларини омилкорлик билан соҳа тараққиётига сарф этаётганликларини таъкидлаб ўтаман.
Қашқадарёда деҳқончиликнинг ўзига хос тажриба мактаби бор. Соҳа ходимларининг Она Ватанимизнинг бойлиги бўлган ерга муносабатини тубдан ўзгартиргани, униб чиққан қут-барака манбаини меҳр билан парваришлаб, табиий офатларга, нохушликларга қарши мардонавор туриб бергани, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир ниҳолни ўз фарзандимиздек парваришлагани эвазига ғалладан юксак ҳосил яратилди.Бугунги кунда биз учун давлатимиз томонидан яратиб берилган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар Ўзбек деҳқонлари номини янада юксакларга кўтариш имконини яратмоқда.
Вилоятимиз ғаллакорлари томонидан бугунгача давлатга 370 минг тоннага яқин ёки ўтган йилга нисбатан 50 минг тоннадан зиёд бошоқли дон топширилди.
Бундан ташқари, қарийиб 500 минг тоннадан ортиқ ғалла аҳоли ва фермерлар ихтиёрида қолиши ҳам ризқ-рўзимизнинг мул-кўллигидан далолат.
Бу жараёнларда Яккабоғ, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Чироқчи, Қарши, Касби ва Косон туманлари фермерлари юқори натижаларини қайд этиб, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар", дейилади мурожаатда.






