Депутат Алишер Қодиров ўзининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида шу хусусида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
Фикримча, кўпгина одамлар том маънода Конституцион ислоҳотларнинг мазмунини энди тушуниб етдилар. Таклифларнинг кўплиги ўз йўлига, уларни қўллаб-қувватловчилар, ёки танқид қилаётганларнинг овозлари аниқ ва асосли эшитила бошлади. Таклифлар такомиллашди, эътирозлар асослантирилмоқда.
Аслида, айнан шу биз кутган жараён эди.
Қарашларни маданият билан тортишиш, хайрихоҳларни кўпайтириш учун ташвиқот-тарғибот қилиш, қарорлардан норози бўлиш - фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидан бири. Лекин, қўллаб-қувватлаш ёки норозиликни маълум қилишнинг қонунда белгиланган, самарали ва маданиятли шакллари бор.
Биронта норма сиз истагандек бўлмаслиги мумкин, демак сиздек ўйлайдиганлар етарли кўп эмас. Демократия сиз танлаган эмас, кўпчилик танлаган қарорни қабул қилинишидир.
Масалан, кўп ватандошлар савол бераяпди: Конституциянинг 3-моддасида Ўзбекистон ҳудуди бўлинмасдир, деб ёзилган, унда нега Конституциянинг бошқа моддаси Ўзбекистон ҳудудини бўлишга ҳуқуқ беради? Ёки, суверен давлатни ичида яна суверен давлат бўлиши мумкинми? Кўпчилик бу ҳуқуқий қарама-қаршиликни тузатишни талаб қилмоқда.
Демократия кўпчиликнинг қарорини тан олишдир. Кўпчилик қарорини тан олмайдиган бузғунчи озчиликлар нафақат ривожланишни тўхтатади, балки мамлакатни ўйин майдонига айлантириб юбориши мумкин.
Барча ўзбекистонликларни муҳокамаларда фаол бўлишга чақираман. Халқ нима деса шу бўлади! Тўғрироғи, халқнинг кўп қисми нима деса шу бўлади.
Унутманг, Конституция ҳам, Ўзбекистон ҳам ягона ва бизникидир!






