Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Фарғонада агентлик директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов вилоят “Келажак лидерлари” клуби аъзолари ҳамда ёш давлат хизматчилари билан мулоқот қилди.
Хабарда қайд этилишича, учрашув аввалида ёш давлат хизматчилари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилган. Хабарда давлат бошқаруви, халқчил давлат хизмати, давлат хизматчиси тушунчалари моҳияти ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб берилгани айтилмоқда.
— Давлат хизматчиси учун садоқатли бўлиш, фидойилик билан хизмат қилиш, ўзини ривожлантириб бориш — муҳим. Одамлар ҳаётини яхшилаш, мамлакатни юксалтиришда ёшлар бугун етакчи бўлиши лозим, — деди О.Ҳасанов.
Учрашув давомида ёш давлат хизматчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Соҳадаги баъзи муаммолар ўртага ташланиб, ечимлари юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.






