Ушбу даврда содир бўлган ёнғинлар 579 тани ташкил этиб, 95 таси қуриган ўсимликларни ёниши, 397 таси аҳоли турар жойлари ва 87 таси бошқа объектларга тўғри келмоқда.
Бундай жазирама пайтларда фуқаролар томонидан ҳавони салқинлантирувчи турли электр қурилмалардан, айниқса, кондиционерлардан фойдаланиш даражаси ортиши табиий. Бироқ, кондиционердан узоқ муддат қаровсиз фойдаланиш, электр таъминоти қоидаларига риоя этмаслик, битта электр истеъмолчи учун мўлжалланган электр токи манбаларига катта қувватга эга бир-нечта истеъмолчиларнинг уланиши, электр кабелларнинг қизиши ва оқибатида ёнғин чиқишига сабаб бўлмоқда.
Шу нуқтаи назардан ҳар бир маиший техниканинг созлиги, унинг хизмат кўрсатиш муддати ва узоқ вақт давомида назоратсиз қолдирилмаслиги муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, кунларнинг кескин исиб кетиши муносабати билан, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда фуқаролар ўз ҳудудларини қуриган ўсимликлардан тозалашлари, уларни ёқмасликлари лозим.
Ёнувчан газ, нефть, нефть маҳсулотлари ва шу каби портлаб-ёниш хавфлилиги жиҳатидан хавфли бўлган моддалар ва материалларни қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилишга мўлжалланган объект раҳбарлари томонидан:
● ер устида жойлашган сиғимларнинг сиртини қуёш нурини қайтарувчи бўёқлар билан бўялганлиги,
● нафас олиш клапанларининг созлиги,
● портлашдан хавфли ер устидаги жиҳозларга туташ майдонларнинг қуриган ўсимликлардан тозаланганлиги,
● корхоналар ҳудудида чекиш ва очиқ оловдан фойдаланишни тақиқлаш бўйича қатъий режим ўрнатилганлиги,
● етарли миқдорда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланганлиги,
● ёнғинга қарши сув таъминотининг ҳамда ёнғин ўчириш техникаларининг доимо соз ҳолатда бўлишининг таъминланганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Ёдда тутинг, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш орқали, Сиз ўзингизни ҳамда яқинларингизни ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулки ва артоф-муҳитни ёнғин хавфидан ҳимоя қилган бўласиз.






