21 июль куни кундузи Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида электр ўчиб қолди. Энергетика вазирлиги бу узилишлар сабабини аномал иссиқ билан изоҳлади ва айрим ҳудудлардаги электр таъминотида юзага келаётган носозликлар махсус бригадалар томонидан зудлик билан бартараф этилиши таъминланаётганини маълум қилди.
Шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида ҳаво ҳароратининг аномал исиб кетиши натижасида айрим жойлардаги трансформатор пунктлари ҳамда кабел тармоқларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб носозликлар келиб чиқмоқда.
Ушбу электр тармоқларидаги фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб тун-у кун ишлайдиган 227 та аварияга қарши махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, юзага келган носозликлар зудлик билан бартараф этиб борилмоқда.
"Ана шундай аномал иссиқ натижасида юзага келаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз" дейилади мурожаатда.






