Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида енгил автомобиль ёниб кетди. Бугун, 21 июль куни содир бўлган ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати маълумот бермоқда.
Қайд этилишича, 1979 йилда туғилган фуқаро Ж. Э. бошқарувида бўлган “HYUNDAI SANTA FE” Пахтакор тумани “Чаманзор” ҚФЙ ҳудудидан ўтувчи UR-38 автомобиль йўлининг 1-километрида Пахтакор–Жиззах йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида транспорт воситасининг мотор қисмида ёнғин чиққан. Ҳайдовчининг ёнғинни ўчиришга ҳаракатлари фойда бермаганидан кейин, гувоҳлардан бири “101” қисқа рақами орқали хабар қилган.
Ҳодиса оқибатида автомашина тўлиқ ёниб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Жабрланганлар йўқ. Кўрилган моддий зарар миқдори тахминан 586 миллион сўмни ташкил этаётгани айтилмоқда.






