Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимлари учун очиқ танловлар ҳақида АОКАда ўтказилган брифингда маълумот берди.
Маълум қилинишича, айни кунларда vacancy.argos.uz порталида 2552 та вакант лавозим учун очиқ танлов давом этмоқда.
Хабарга асосан, 21 июль ҳолатига 70 та давлат органи ва ташкилоти, шунингдек, барча ҳокимликлар Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ порталига уланган бўлиб, улар томонидан вакант лавозимлар учун 78 мингдан ортиқ танлов эълон қилинган.
Хўш, номзодларнинг орасида ишга қабул қилинганлари борми?
Маълумотга кўра, танловларга 935 316 нафардан зиёд номзодлар ҳужжат юборган бўлса, уларнинг 35 780 нафари танлов ғолиби сифатида давлат хизматига қабул қилинган. Танлов ғолибларининг 14 063 нафари 30 ёшгача бўлган, 11 132 нафари аёллар, шунингдек, 6 986 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинган фуқароларни ташкил этади.
Ҳозирда порталда 231 мингдан ортиқ фуқаро ўз резюмесини шакллантирган.
Эслатиб ўтамиз, Олий таълим муассасалари битирувчилари ёхуд иш стажига эга бўлмаган фуқаролар давлат органларининг стаж талаб қилинмайдиган лавозимларини эгаллаш учун очиқ танловларда иштирок этишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда танлов жараёнларининг шаффофлигини ошириш мақсадида танловларнинг тест синови босқичи Агентликнинг ҳудудий филиалларида марказлашган ҳолда ташкил этилиши йўлга қўйилиб, жараёнлар онлайн тарзда интернет тармоғи орқали узатилиб, тест жараёнининг ҳаволаси “Telegram”даги махсус https://t.me/vacancyonline каналига тезкор жойлаштирилмоқда.
Дилбар Абдунабиева.