Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши магистрал каналининг Қарши туманидаги “Мирмирон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан олинган сув намунасида вабо вибриони аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоят бошқармаси изоҳ бериб, у вабо қўзғата олмаслигини айтмоқда.
Маълум қилинишича, 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ўлат профилактика марказининг вилоят филиали ходимлари томонидан Қарши магистрал бош каналининг Қарши тумани “Мирмирон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят бўйича минтақавий филиали рўпарасидаги очиқ сув ҳавзасида текшириш ўтказилган. Намуна учун олинган сув намунасидан вабо вибриони (касаллик чақирмайдиган тури) аниқланган.
Шундан сўн, аҳоли ўртасида вабо касаллигининг олдини олиш мақсадида мазкур ҳудудда профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни олиб бориш бўйича “Ўзбекистон мустақиллиги” оилавий поликлиникаси мудирасига билдириш хати юборилган.
"Текширишлар натижасида мазкур ҳудудда вабо касаллигига гумон қилинган беморлар аниқланмаган. Юқорида қайд этилган очиқ сув ҳавзасидан 2022 йил 19 июль куни вабо касаллигига текшириш учун қайта намуналар олинган. Текширув натижалари бўйича вабо вибрионлари қайд этилмаган",-дейилмоқда мазкур ҳудудда аҳоли ўртасида эпидемиологик барқарорлик таъминланганлиги ва хавотирга ўрин йўқлиги айтилиб.
Дилбар Абдунабиева.






