24 июль куни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди.
Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, суҳбат аввалида Россия етакчиси Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклаб, унга соғлик, бахт-саодат ҳамда Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва равнақи йўлидаги давлатчилик фаолиятига муваффақиятлар тилаган.
Шунингдек, Владимир Путин куни кеча Шавкат Мирзиёевни дўстлик ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги катта хизматлари учун Александр Невский ордени билан мукофотлаш тўғрисида фармон имзолангани ҳақида хабар берган.
"Давлатимиз раҳбари Россия Президентига Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги даражасига юксак баҳо бергани ва уларни янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди",-дейилади хабарда.
Сал аввал хабар қилинишича, Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан ҳам телефон орқали суҳбатлашган.
Беларусь раҳбари ҳам Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, дўст Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилиб, жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кун тартибидаги масалалар муҳокама қилингани айтилади.






