Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ташқарида реализация қилиниши, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини муомалага киритилишини олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида бу йўналишда 82 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, натижасига кўра 56 та жиноий ҳамда 26 та маъмурий ишлар қўзғатилган.
Ҳуқуқбузарлар томонидан муомалага киритилиши мўлжалланган 4,4 млрд сўмлик сифатсиз ва қалбаки дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Шунингдек, инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи дори воситалари ёки психотроп моддаларни тайёрлаш, сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ 52 та жиноят аниқланиб, 272 млн сўмлик ушбу турдаги препаратларнинг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинган.
Департамент фуқароларни дорихоналардан ташқарида сотиб олинган, шу жумладан, тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларидан фойдаланиш ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд препаратларни нотиббий мақсадларда истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиришидан огоҳлантирмоқда.
Агарда дори воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ҳолатларига дуч келсангиз ёки кучли таъсир қилувчи препаратларни ноқонуний таклиф қилаётган шахслар ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментинг 71-233-10-07 рақамли ишонч телефони ёки www.new-department.uz расмий веб-сайти орқали мурожаат қилишингиз сўралмоқда.






