1

Қашқадарёда икки боланинг ўлимига нима сабаб бўлгани очиқланди

ЖАМИЯТ 07.08.2022, 17:57
Қашқадарёда икки боланинг ўлимига нима сабаб бўлгани очиқланди

2022 йил 20 июнь санасида Ғузор тумани тумани тиббиёт бирлашмасига 3 ёшли бола олиб келиниб, шифохонада вафот этганди. Орадан икки кун ўтиб у билан бир ҳовлида яшаган, 2016 йилда туғилган қизча ҳам номаълум касалликдан нобуд бўлади.

ССВ шундан сўнг малакали мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ Ғузорда иш олиб бораётганини маълум қилиб, дастлабки хулосаларга кўра, икки нафар бола ҳам ўта хавфли инфекцион касаллик – геморрагик иситмадан вафот этгани тахмин қилинаётганини билдирганди.

Айни дамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги матбуот хизмати болалар ўлимига нима сабаб бўлганини эълон қилмоқда.

Маълум қилинишича, ўшанда ғузорлик болалар Қрим-Конго вируси туфайли вафот этган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бош мутахассиси Умир Мирзаевнинг таъкидлашича, Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги вирус қўзғатадиган, каналар орқали трансмиссив йўл билан юқадиган, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади.

Яна бир хавфли томони – бу ҚКГИ билан оғриган беморнинг қони орқали ҳам гемоконтакт йўл билан соғлом одамга юқади. Касалликнинг яширин даври ўртача 2 – 3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади.

"Касаллик табиий шароитда ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва қўлларни кана қони билан ифлосланиши натижасида одамларга юқади.

У ўткир бошланиб, тана ҳароратининг кўтарилиши (39 – 40 ºС), юз, бўйин, кўкрак қисми териларининг қизариши, баданнинг совуқ қотиб, қалтираши, мушакларнинг оғриши, тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши, инъексия жойларида қон қуйилишлар каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзида касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилади. 

Яна бир жиҳат мазкур касаллик геморрагик белгиларсиз шаклда ҳам кечиши мумкин.  Касалликнинг бу шаклида баданда тошмалар тошмайди, қон талашлар кузатилмайди, органларлардан қон кетмайди, касаллик асосан иситма ва интоксикация аломатлари билан кечади. Бундай беморлардан лаборатория текшируви учун қон олиш ҳамда тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган муолажаларни амалга ошириш жараёнларида эпидемияга қарши талабларга риоя қилмаслик натижасида тиббиёт ходимларига касаллик юқиши мумкин"-дейди Умир Мирзаев.

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия қилинади:

— Баданга кана ёпишганлиги аниқланса, яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш керак;

— каналарни қўл билан эзиб, қайчи билан кесиб ўлдирмаслик, қирқим мавсумига ёш болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни жалб этмаслик, сут соғиш жараёнида сигирлардан канани қўл билан олмаслик;

—  кананинг устки қисмига 1 томчи ўсимлик мойи томизиб, уни ўлдириш;

— чорвачилик билан шуғулланадиган аҳоли йилига 2 марта дезинфекция ишларини амалга ошириш;

— эски молхоналарда вақти-вақти билан таъмирлаш ишларини олиб бориш ;

— қирқим вақтида фақат махсус ҳимоя кийимлардан (қўлқоп, енг ва почалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш керак.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1