Россиянинг Перм шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари шахсан ўз ватандошларини Украинадаги урушга жалб қилаётгани хабар қилинди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар юзасидан муносабат билдирди.
Келтирилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ўзбек диаспораси раҳбари Россиянинг Украинани демилитаризация қилиш ва деназиялаштириш бўйича махсус ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлаган.
Ижтимоий тармоқдаги баъзи ахборот каналларида ‘Пермдаги ўзбек диаспораси раҳбари шахсан ўз ватандошларини Украинага урушга жалб қиляпти’ сарлавҳали видеолар тарқалмоқда. Шу муносабат билан, Ўзбекистон фуқароларидан бундай даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз» дейилади хабарда.
Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра,чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилганини эслатиб ўтган.






