1

Сирдарёда илк бор буйрак кўчириш амалиёти ўтказилди

ЖАМИЯТ 09.08.2022, 18:58
Сирдарёда илк бор буйрак кўчириш амалиёти ўтказилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сирдарёда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси доирасида вилоятдаги бир қатор тиббиёт муассасаларида пойтахтдан келган малакали шифокорлар бошчилигида кўплаб юқори технологияли мураккаб операциялар ўтказилмоқда.

Хусусан, академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида Сирдарё вилоятида илк бор ноёб жарроҳлик амалиёти — буйрак трансплантацияси амалга оширилди.

Бемор Даврон Абдураҳмонов 23 ёшда. Бундан тўрт йил аввал унга оғир хасталик — сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Бир йил ўтмай эса гемодиализ муолажаларини ола бошлаган. Бироқ касаллик терминал босқичга ўтгани сабабли уни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.

“Гулистон тиббиёт кластери”да амалга оширилган мазкур операция қарийб 5 соат давом этди. Унда беморга 53 ёшли онаси Ҳафиза Бердиёрованинг бир буйраги кўчириб ўтказилди. Ҳозир ўғил ва онанинг аҳволи яхши ва шифокорлар томонидан тиббий назоратга олинган.

— Ёш бўлсам-да, бу касалликдан кўп азоб чекдим, — дейди бемор Д. Абдураҳмонов операциядан олдинги суҳбатда. — Қолаверса, ҳар 3-4 кунда гемодиализ муолажаси орқали қонимни тозалатишга мажбур эдим. Яхшиям онажоним бор экан. Уларнинг меҳри туфайли яна ҳаётга қайтяпман. Бунинг учун улардан миннатдорман.

Шифокорларнинг таъкидлашича, бугунги кунда замонавий трансплантология оғир буйрак хасталикларига чалинган кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бермоқда.

— Қувонарлиси, ҳудудларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари туфайли бундай жарроҳлик амалиётлари вилоятларда ҳам босқичма-босқич йўлга қўйиляпти, — дейди мазкур операцияга бошчилик қилган малакали жарроҳ, тиббиёт фанлари номзоди Жасур Собиров. — Айниқса, ушбу операциялар орқали маҳаллий шифокорларнинг тажрибаси ортмоқда. Ўйлайманки, яқин вақт ичида улар бундай мураккаб муолажа усулларини ўзлари мустақил бажара олишади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1