ЖССТ: Неврологик касалликлар йилига 9 миллион беморнинг ўлимига сабаб бўлмоқда

ДУНЁ 10.08.2022, 15:17
ЖССТ: Неврологик касалликлар йилига 9 миллион беморнинг ўлимига сабаб бўлмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инсон мияси саломатлигини таъминлаш билан боғлиқ навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унда келтирилишича, дунё бўйича ҳар уч кишидан бирида ҳаётининг қайсидир қисмида маълум турдаги неврологик касалликлар ривожланади.

 Хавотирли жиҳати, бу ҳолат ногиронликни келтириб чиқарувчи энг асосий омилдир. Қолаверса, эрта ўлимга олиб келувчи сабаблар орасида иккинчи ўринда қайд этилади.

Масалан, инсульт, мигрень, деманс ва менингит оқибатида жаҳонда ҳар йили тўққиз миллионга яқин одам ҳаётдан кўз юмиши ҳисоб-китоб қилинган.

— Чунки мия — инсон танасидаги энг мураккаб аъзо, — дейди  ЖССТ вакили доктор Рен Мингхи. — У орқали борлиқни ҳис қиламиз. Фикрлаш, ҳаракат, мулоқот қилиш қобилияти ҳам шу нозик органнинг шарофати.

Бундан ташқари, мия кўплаб ҳаётий функциялар, жумладан, юрак-қон томир, нафас олиш, эндокрин ва иммун тизимларини тартибга солади. Аммо умр давомида кўплаб хавфли омиллар мия саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Уларнинг баъзилари алал-оқибат ногиронлик ва эрта ўлимни келтириб чиқаради.

 Маълумотларга кўра, паст ва ўрта даромадли мамлакатлардаги беш ёшгача бўлган болаларнинг 43 фоизи, яъни 250 миллионга яқин ўғил-қиз ақлий салоҳиятини ривожлантириш имкониятидан маҳрум.

 Шу маънода, ЖССТнинг юқорида қайд этилган ҳисоботи ушбу орган фаолиятини янада чуқурроқ тадқиқ қилиш ҳамда эпилепсия ва бошқа неврологик касалликларга қарши курашиш борасида глобал саъй-ҳаракатларга туртки беради.

Ҳужжатда мия саломатлигига таъсир қилувчи омилларнинг беш асосий гуруҳи келтирилган:

  •  саломатлик;
  •  соғлом муҳит;
  •  хавфсиз муҳит;
  •  таълим ва ижтимоий алоқалар;
  •  сифатли хизматлардан фойдаланиш имконияти.

ЖССТнинг хулосасига кўра, ушбу омилларнинг мувозанатли комбинацияси кўплаб неврологик ва психиатрик касалликларнинг олдини олиш, қолаверса, психотроп моддалар истеъмолини кескин камайтиришга хизмат қилади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1