АсосийJamiyat

Нукус вокзали реконструкция қилинди(Фото)

Нукус темир йўл вокзалида 5,5 миллиард сўмлик реконструкция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли маиший ва хизмат кўрсатиш объектлари, сервис шохобчалари фаолияти йўлга қўйилаётгани аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилаётгани таъкидланди. 

Замонавий меъморий андозаларга мос тарзда қайта бунёд этилган вокзал биносида бир вақтнинг ўзида 400 йўловчига, бир кеча-кундузда эса 1 минг 800 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Йўловчиларни кутиб олиш ва кузатиб қўйиш учун 6 йўлак барча қулайликка эга бўлди. 

Йўловчилар учун VIP кутиш заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, меҳмонхона типидаги дам олиш хоналари, савдо шохобчалари қурилди. Поездлар йўналиши ва қатнови тўғрисида ахборот берадиган электрон маълумотлар таблоси ўрнатилди. 1,4 гектар майдонни эгаллаган вокзал ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Гулга бурканган ям-яшил хиёбон ўртасида замонавий фаввора қурилиб, йўловчиларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун қулайлик яратилди. 550 метрлик икки перронга замонавий плиталар тўшалди.

    Бошқа янгиликлар