1

Яхшилик барибир қайтади

МУТОЛАА 09.08.2016, 12:26
Теглар: Юрагимда сақлаганларим
Яхшилик барибир қайтади

У жудаям ҳолдан тойганди. Уч кун ухламади. Ҳе йўқ, бе йўқ, ўғлининг иссиғи уч кеча-кундуз тушмади. У оромини йўқотди. Мижжа қоқмай бошида ўтираверди, ўғлининг. 

Ўғли ҳам энди гўдак эмас. Шундай бўлса бошқа гап эди. Ўн саккизга кирди. Кап-катта йигит. Инграниб, ҳарсиллаб нафас олиб ётса-да, онаизорининг кундузи шифохона зинасида, кечаси коридорда шарпадек кезиб юришидан ори келади. Баланд-баланд овозда койиб қўяди:

—  Кетинг уйга, ойи! Ўлиб қолмайман-ку! Мана, туриб юра оламан...

Аслида бутун танасини исканжага олган ҳарорат мадорини қуритиб боряпти. Ўрнидан турса, қўл оёғи дир-дир титрайди. Ҳаво етмай қолгандек калта-калта нафас олади. Аждар каби бурнидан олов пуркаётганга ўхшайди, назарида. Бурнининг ичи қуриб, ачишадиган бўлди. Лаблари қовжираб, яласа, тилига похолдек ботяпти. Мияси ёғда қоврилаётгандек жизиллайди, тутун ичида қолгандек хиралашади. Лекин онасига сездирмасликка ҳаракат қилади. 

—  Ойи, дадам билан кетаверинг. Бу ерда нима бор? — минғирлаб қўяди баъзан. 

—  Уйдаям нима бор, болам? Сингилларинг рўзғорни эплайди. Даданг ишга бориб-келяпти. Мен нимаям қилардим? — дилбандининг кўзларидан кўз олмай гапиради она.

—  Ухлайсиз. Дам оласиз. Уч кундан буён ухлаш тугул ётганингиз ҳам йўқ. Юрасиз, ўтирасиз... — чарчаб қолганидан ҳансирайди ўғил.

—  Аҳволингни қара болам. Уйда қандай ўтираман? Рангингда ранг йўқ. Томоғингдан сувдан бошқаси ўтмаяпти. Овқат есанг экан, кучга кирсанг, дардни енгсанг. Қаердан келди, бу иситма? — кўзларида ёш айланади онанинг.

Азойи бадани зирқираётган ўғил бошқа гапирмайди. Гапиравериб ҳам чарчади. Онаси барибир қулоқ тутмаяпти. Бир у эмас, уни кўргани келган, отаси, холалари, аммалари ҳам койиди. Барибир кетмади онаси. 

—  Ойи, мен мана бу стулда ўтириб телевизор кўраман. Сиз менинг жойимга чўзилинг... — уч кунда кўзлари киртайиб, ранги ўчиб, бир аҳвол бўлган волидасига жой кўрсатди ўғил.

—  Ўзинг ёт болам. Мадоринг йўқ...

Боласи касал бўлса, она чўзилиб ётармиди? У ҳам ётмади. Қайтанга ўзини тетик тутишга ҳаракат қилиб, бош шифокорнинг қабулига кирди:

—  Ассалому алайкум! Менинг ўғлим... уч кундан буён... — томоғига аччиқ нимадир тиқилди. Бошқа гапира олмай қолди: — Болам...

—  Мардоновми? Хабарим бор, опа. Хавотир олманг. Биз тахмин қилиб олган анализимизнинг жавоби бугун чиқади. Шунга қараб, дори-дармон қиламиз. Яна бугун консилиум ўтказишни ҳам режага киритганмиз. Шифокорлар биргаликда кўрамиз, болангизнинг касалини аниқлаймиз, иссиғи нега чиқаётганини айтамиз...

У шифокор ҳузуридан бироз таскин топиб чиқди. Хаёлида ўғлини иссиқ тарк этгандек, юрагида айланаётган, сақланиб турган турли кўнгилсиз таҳминларни қувгандек бўлди. 

—  Бугун анализинг чиқаркан. Худо хоҳласа, яхши бўласан-ей! — ўғлига ҳам чеҳраси очилиб гапирди у. — Яхши гап, яхшида. Қувват беради одамга. Бир тетиклашиб қолдим... 

—  Қон анализимнинг жавоби чиқарканми? — ўғли ҳам жонланди. 

—  Сўрамабман қара. Хурсанд бўлганимдан келаверибман. Худди дўхтир шу гапни айтиши билан сенинг иссиғинг тушгандек туюлди-да! — ҳайратини яшира олмади она. 

Лекин ўғлининг иссиғи тушмади. Қони ҳам тоза чиқди. Бирга йиғилишиб келган етти-саккизда шифокор ҳам бир узоқ маслаҳатлашдики, онанинг юраги тарс ёрилиб кетай деди. Охири ҳамшира чиқиб бир қулоч қоғоз тутқазди:

—  Шу дориларни олиб келаркансиз. Эртагача... 

—  Ҳозироқ олиб келаман, — деди она ишонч билан. Чунки турмуш ўртоғи бир талай пул ташлаб кетган, нимадан ўйланади. 

—  Мана бу иккитаси бу ерда йўқ. Тошкентда бор дейишди. Суриштириб топиб келтирасизларда! Қимматроқ ҳам экан...

—  Хў-ў-ўп, — у дарҳол эрига қўнғироқ қилди. 

Бир зумда етиб келган ота дарров кимлар биландир гаплашиб, дориларни суриштира кетди. Айтишларича, бу дорилар “қимматроқ” эмас, жуда қиммат экан. 

—  Майли, қанча бўлса ҳам олиб келтиринг... — зорланди она эрига. 

—  Менам шундай деяпман. Лекин бу дорилар топилмайдиган ҳам экан. Йўқ эмиш... 

Онаизор йиғлаб юборди. Зинага мук тушди-да, ўзига ўзи гапира кетди:

—  Художоним, ўзинг мушкулимни осон қил. Сенга ҳали бирор ёмонлик қилмадим. Одамларга ҳам зиёним теккан эмас. Нима учун мени бунча қийнайсан? Боламга ўзинг шифо бер...

—  Дўхтирлар ҳам атай қилганми, йўқ дорини ёзиб берган! — сўкиниб зинадан тушиб кетди эри ҳам. 

Она баттар эзилди. Лаблари яна пичирлай бошлади.

—  Худойим, ўзинг нажот бер! Рўзаи Рамазон ойида “Ол қулим”, деб болам учун ўша дориларни топишда ёрдам бер!

* * *

— Бугун қизиқ воқеа бўлди, — деди Маҳлиёнинг эри ишдан келиб, дастурхон бошига ўтираркан. — Самарқанддан бир курсдошим қўнғироқ қилди. Бир боланинг иссиғи тушмаётган экан. Шунга дори суриштирибди. Қариндошингми, десам, “Йўқ, сенинг қайнуканг”, дейди. Бошимдан ҳушим учибди. “Қайси?” десам, “Ҳовлиқма, хотинингнинг қишлоғидан холос”, деди. Бир қўрқиб кетибман.

—  Бизнинг қишлоқдан? Ким экан? — қизиқсинди Маҳлиё. 

—  Билмасам, — бепарво овқатини ея бошлади эри. — Сўрамадим. Уям билмаса керак. Шунчаки “аптека”да ишлайди. Қишлоғингнинг номини эшитиб қолган-да! Лекин дори бизнинг дорихонада йўқ эди. Бошқаларида бўлиши ҳам даргумон. 

—  Ким экан-а? — қизиқсинди Маҳлиё. Овқатланиб бўлишган эди ҳамки, онаси қўнғироқ қилди. Узоқ гаплашишгач, онаси ўзи билмаган ҳолда бояги гапга ойдинлик киритди.

—  Комила дугонангнинг ҳам катта ўғли касал экан. Иссиғи тушмаётганмиш. Комила шифохонадан бери келаётгани йўқ. Қиммат дори айтишганмиш, “Ўшани олса, ўғлининг иссиғи тушиши мумкин”, дебди дўхтирлар...

Маҳлиё ўйга толди. Хотиралар уни ўқувчилик йилларига бошлади. Мактаб даврида уларни бошқа туманга пахта тергани олиб боришганди. Сира эсидан чиқмайди. Унинг томоғи буғилиб, иссиғи кўтарилди. Сира тушай демади. Ярим тунда шунчалар жонидан ўтдики, йиғлай бошлади. Биринчи бўлиб, Комила уйғонди:

—  Маҳлиё, нима бўлди? Яна иссиғинг чиқяптими?

—  Азойи баданим қақшаяпти...

—  Вой-ву-у, куйиб  ётибсан-ку! Мен ҳозир... 

Комила хонадан чиқди-ю, шу билан бир соатларда кириб келди. Ёнида ўқитувчи, шифокор ва дори-дармонлар билан... 

—  Э, бу дугонанг туман марказига бормагунча, “Тез ёрдам”ни олиб келмагунча тинчлик бермади, — деди ўқитувчиси Маҳлиёга. Унинг сўзларида норозилик эмас, мамнунлик зоҳир эди. — Яна “Тез ёрдам”га “Ўзи дориларингиз борми? Бўлмаса, мана пул ҳам олиб келдим. Сотиб олиб кетайлик!” дейди. Ҳар эҳтимолга қарши деб қанақадир уколларни сотиб ҳам олди. Шундай дугонанг бор экан, қара...

Маҳлиё Комилага қараб, яна йиғлаб юборди. Ўшанда шунчалик кўнгли бўшаб кетгандики, раҳмат айтишга ҳам куч топа олмаган...

—  Дадаси, — деди Маҳлиё. — Ўша дорини қаердан топса бўлади? 

—  Нима қиласан? 

—  Оламан! Дугонамга олиб бораман! Яхшилик қилиш навбати менга етди...

Тонг отиши билан Маҳлиё эрининг ёнига ўтириб олди:

—  Ҳайданг машинангизни! Қачон ўша дорини топиб берасиз, кейин тушаман машинангиздан... 

—  Жуда қиммат у... 

—  Битта тилла занжирнинг пули кетар... Бир пайтлар дугонам мен учун тилла занжир учун йиғиб юрган пулини сарфлаб дори олиб келган. 

—  Ол-а? Мактаб пайтида тилла занжир?

—  Ҳа, у йиғиб юрарди, мактаб давридаёқ. Лекин ўша пулини таксига, дорига ишлатган. Буни мен кейин билдим...

* * *

Она юм-юм йиғлади. Яна Худога илтижо қилди: “Худойим-ей, битта дорини қизғандинг-а, мендан? Энди нима қиламан? Қаердан топаман? Боламнинг иссиғини қандай тушираман?”

У зинадан чиқиб кетаётган одамларга ҳам парво қилмас, ўтирганча пичирларди. 

—  Комила? — деди кимдир. 

Дили хун она парво қилмади. Эшитадиган ҳам аҳволда эмасди. Ўзининг дарди, ўзининг ғами билан ўралашиб зинага сингиб кетаётгандек эди. 

—  Комила, тур! Комила...

У бошини кўтарди. Аввалига қаршисидаги аёлни танимади. Сўнг тикилиб туриб, ажабланиб деди:

—  Маҳлиёмисан?

Маҳлиё бош ирғади. Аёл дугонасини қучаркан, негадир йиғлаб юборди. “Сен қидирган дорини топиб келдим”, дегач эса баттар зўр берди. Шифокорлар дарҳол дорини олиб муолажани бошлаб юборишди. 

Икки дугона эса коридор ёнидаги ўриндиқда умид билан кутиб ўтиришарди. Бир соатча вақт ўтгач, ҳамшира жилмайиб чиқиб келди:

—  Опа, ўғлингизнинг ҳарорати ўттиз тўққиздан ўттиз еттига тушди. Ҳали яна тушади...

—  Вой, Худога шукр! Дугон, борингга шукр! Сен бўлмасанг, нима қилардим, — яна йиғлай бошлади у. 

Маҳлиё кула-кула уни овутди. Кўзларида ёш билан дугонасининг елкасига суяниб ўтирган аёлнинг кўзлари бир зумда уйқуга кетди.

У ухламаганига тўрт кундан ошганди...

КАМИНА

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1