АсосийJamiyat

Наманган шаҳри “миллионли шаҳар”га айлантирилади

'Наманган шаҳри “миллионли шаҳар”га айлантирилади'ning rasmi

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.

Таъкидланишича, Наманган вилоятида Президентнинг  “Наманган шаҳрида “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича аҳоли турмуш даражаси сифатини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида Наманган шаҳрини истиқболда “бир миллионлик шаҳар”га, яъни “мегаполис”га айлантириш, инвестицивий муҳит янада яхшиланиши натижасида ҳалқаро замонавий брендлар ва йирик компанияларнинг шаҳарга кириб келиши, урбанизация жараёнлари сезиларли даражада тезлашиши, шаҳарнинг “ақлли шаҳар” концепсияси асосида бошқариш тизими яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Наманган шаҳрида бир йилда аҳолининг ўртача ўсиши 30,3 минг кишини ташкил этиши ҳисобга олинган ҳолда 2040 йилга келиб аҳоли сони табиий равишда 1,2 млн. кишига етиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур қарор билан Наманган шаҳрини “миллионли шаҳар”га айлантириш мақсадида унга чегарадош бўлган Тўрақўрғон туманидан 472,4 гектар ер майдонини қўшиб бериш, ҳудудда “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Қайд этилигича, ушбу қарорнинг қабул қилиниши аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида шаҳарадаги мавжуд савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида, шунингдек майдони 164,2 гектар бўлган 4 та кичик саноат зонасида 41,0 мингдан ортиқ янги иш ўринларининг яратилишига эришилади.

Таҳлилларга кўра, “миллионли шаҳар”ларда бошқа шаҳарга нисбатан иқтисодий ўсиш даражаси юқори бўлади ва аҳоли жон бошига даромад тез ўсади. Иқтисодий тармоқлар диверсификацияси кучаяди ҳамда тармоқ кластерларини ташкил қилиш мумкин бўлади. Айниқса, “миллионли шаҳар”лар мамлакат ЯИМни ўсишида драйвер вазифасини бажаради.

Мажлисда қарор лойиҳаси қабул қилинди.

 

    Бошқа янгиликлар