Давлатимиз раҳбари бугун мустақилликнинг 31 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган тадбирда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси жадал амалга ошираётганини таъкидлади.
"Янги Ўзбекистон:
– ҳар бир фуқаронинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар берадиган;
– одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириши ва уларнинг ечими учун биргаликда ҳаракат қилишларига барча шароитлар мавжуд бўлган;
– ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган;
– тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган давлатдир.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият ҳам тушунилади”, - дейди Президент.
Президент ушбу юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифани белгилаб берди.
Биринчи - таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратиш изчил давом эттирилади. Бунинг учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилади.
Иккинчи - ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади.
Учинчи - бизнесни ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринлари яратилади, камбағаллик қисқаради, аҳоли даромадлари кўпаяди. Бунинг учун хусусий мулк ва тадбиркорликка халақит бераётган барча тўсиқлар бартараф этилади. Давлат бошқаруви ислоҳ қилиниб, иқтисодиётда давлат иштироки кескин камайтирилади.
Тўртинчи - соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига янада сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайтирилади. Барча ҳудудларда шошилинч тиббий ёрдам қамрови оширилиб, одамларга янада яқинлаштирилади.
Бешинчи - аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи доимо диққат марказида бўлади. Соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кескин кўпайтирилади.






