1

Фарғонада вилоят тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланди

ЖАМИЯТ 13.09.2022, 23:48
Фарғонада вилоят тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланди

Фарғонадаги байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг маданият ва санъат ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтган. Унда ҳоким соҳани янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор ташаббус ва вазифаларни эълон қилган.

Хусусан, ҳоким ўринбосари Файзулло Қосимов раҳбарлигида вилоят байрам тадбирларини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, гуруҳ таркибига вилоят маданият бошқармаси масъуллари, театрлар раҳбарлари, олий таълим муассасаси ректорлари, таниқли санъаткорлар ва ижодкорлар киритилиши маълум қилинган. 

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир вилоят байрам тадбири учун янги ғоялар, дастурлар, таклифларни ўртага ташлаб, бири бошқасини такрорламайдиган сценарийлар ишлаб чиқиш учун масъул бўлади. 

Бундан буён Фарғона вилоятида ўтказиладиган барча тадбирларда саҳнага чиқадиган қўшиқчилар ва қўшиқлар очиқ танлов асосида танлаб олинадиган бўлади. Янги қўшиқлар, янги ижролар кераклигига урғу берган вилоят ҳокими “Санъатда ёшлар рақобатга чиқсин” деган фикрни билдирган.

Вилоят раҳбарининг Фарғонада вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланиши, ижрочилар саҳнада чолғучилар билан бирга жонли ижрода куйлаши борасидаги кўрсатмаси санъат аҳли томонидан маъқулланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1