1

"Ярим асрдан ортиқ тарихга эга Тошкент бугун санъат оламида муносиб обрў-эътибор топиб бормоқда"

ЖАМИЯТ 14.09.2022, 23:53
"Ярим асрдан ортиқ тарихга эга Тошкент бугун санъат оламида муносиб обрў-эътибор топиб бормоқда"

Хабарингиз бор, айни кунларда “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали ўтказилмоқда.

Ҳозирда Самарқандда бўлиб турган Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро кинофестивали қатнашчиларига табрик йўллади.

"Ҳурматли кинофестиваль қатнашчилари!

Муҳтарам меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, сиз, азизларни – дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган машҳур актёр ва режиссёрлар, оператор ва рассомлар, продюсерлар ҳамда киношунос олимлар, атоқли маданият ва санъат арбобларини “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман",— деди у мурожаат ила.

Давлат раҳбари сўзида давом этиб, муҳим янгиликларни санаб ўтди.

"Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда кино санъатини замон талаблари асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёдаги нуфузли кинокомпаниялар билан алоқалар йўлга қўйилиб, 30 дан ортиқ давлатлар билан ҳамкорликда бадиий фильмлар яратиш бўйича келишувларга эришилди. Миллий ва хорижий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида киношаҳарчалар бунёд этилмоқда. Ўзбекистонда фильм суратга олишни истаган чет эл компаниялари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратилмоқда".

У, шунингдек, Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожида муносиб из қолдирилишига ишонишини айтди.

"Сизлар фестиваль кунлари кино соҳасидаги ислоҳотларимиз билан танишиб, бу борадаги ишларимиз самарасини ошириш бўйича фойдали таклифларингизни билдирасиз, деб умид қиламан.

Бугун ўз ишини бошлаётган кинофестиваль самимий учрашув ва мулоқотлар, қизғин баҳс-мунозаралар, кўплаб янги бадиий асарлар тақдимоти билан барча иштирокчилар фаолиятида, Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожида муносиб из қолдиришига ишонаман.

Сиз, азизларни XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг очилиши билан яна бир бор табриклаб, ушбу улкан санъат байрами унутилмас лаҳзаларга бой бўлиши, кино оламида янги ном ва истеъдодларни кашф этиб беришини тилаб қоламан.

Барчангизга мустаҳкам соғлик, ижодий ютуқлар, кинофестиваль ишига эса муваффақиятлар тилайман",—дейди у.

Маълумот учун, мазкур табрик сўзлари сал аввал ўз эгаларига ўқиб эшиттирилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1