Жорий йилнинг 15 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Андижонда ҳали ҳам эски тузум сақланиб қолганми?” номли видеохабар тарқалди.
Унда айни кунларда андижонлик 5 нафар йигит иши апелляция судида кўрилаётгани, суд жараёнида айбланувчиларнинг ҳеч бири айбига иқрор эмаслиги, руҳий ва жисмоний босим асосида тергов қилингани айтилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, Омбудсман Ахборот хизматининг берган хабарига кўра, ҳозирда Андижондаги вазият масъуллар томонидан назоратга олинган.
Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 сентябрдаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш ва уларга қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш ва қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш каби вазифалар юклатилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қийноққа оид тарқалган мазкур хабар Омбудсман назоратига олингани ва бу бўйича батафсил маълумот тақдим этилишини маълум қиламиз, дейилади хабарда.






