АсосийMadaniyat

ШҲТ саммити доирасида “Буюк ипак йўли: Ўзбекистон ва Хитой олтин мероси” номли экспозиция ташкил қилинди

'ШҲТ саммити доирасида “Буюк ипак йўли: Ўзбекистон ва Хитой олтин мероси” номли экспозиция ташкил қилинди'ning rasmi

Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан жорий йилнинг 17 сентябрь куни оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Буюк ипак йўли: Ўзбекистон ва Хитой олтин мероси” экспозициясига пресс-тур уюштирилди.

1899 йилда Самарқанддаги Абрамов хиёбонида Россия-Хитой банкининг филиали қад ростлаган эди. Самарқанд учун янгилик бўлган икки қаватли оппоқ бино айвонли тўртбурчак шаклда бўлиб, Европа классик архитектурасига асосланган услубда қурилган эди.

Бинога кириш қисми Хитойнинг ҳимоя тимсоли бўлган шерга ўхшаш иккита “Фу”итларининг ҳайкалчалари безаб турган. 1903 йилга келиб, Ўрта Осиёда савдо-молия операцияларининг ривожланиши туфайли Самарқанд бўлими савдоси сезиларли даражада ўсади. Банкнинг Самарқанд филиали кредит бериш ва векселларни ҳисобга олишда рентабеллик даражаси бўйича Хитойнинг Шанхай банкидан кейинги иккинчи ўринда эди. Ўша даврда Самарқанддаги ушбу банкдан сўнг учинчи ўринни Париж банки эгаллайди.

Банк 1909 йил охирида тугатилиб, Шимолий банк билан бирлаштирилди. Шундай қилиб, йирик молиявий тузилма –акциядорлик тижорат Россия-Осиё банки ташкил қилинди. Аммо у ҳам большевиклар тўнтаришидан сўнг фаолиятини тугатади. Инқилобдан кейин Россия-Осиё банкининг собиқ Самарқанд филиали биносида турли уюшмалар ва ташкилотлар фаолият юритади. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида бу ерда шаҳар касалхонаси, шаҳар ижроия қўмитаси ва зиёлилар уйи жойлашганди. 2000 йилда эса ушбу бино Самарқанд давлат университети ихтиёрига ўтади.

Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида меҳмонлар учун Самарқанд давлат университети ректоратида “Буюк ипак йўли: Ўзбекистон ва Хитой олтин мероси” номли экспозиция ташкил қилинди.

Музей экспозицияси концепциясига мувофиқ, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари билан ипакнинг асл ватани бўлган Хитой ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга асосий эътибор қаратилган.

Экспозициянинг бошланиши “Хуш келибсиз зали” деб аталиб, залга киришингиз биланоқ атоқли Хитой файласуфи Конфуций ва улуғ ўзбек мутафаккир шоири Алишер Навоийнинг доно сўзларига гувоҳ бўласиз. Ҳар иккала алломанинг фикрлари, ҳикматли сўзлари халқларимиз тарихий донишмандлигининг рамзий ифодаси ҳисобланади.

Кўргазмадаги биринчи экспозиция исломгача бўлган санъатга бағишланган. Ушбу хонадаги асосий ашёлар қадимги “Афросиёб”дан топилган Хитой императори ва жангчилари тасвирланган фреска парчалари проекциясидир. Бундан ташқари, экспонатлар орасида археологик топилмалар ва исломгача бўлган даврдаги Хитой маданиятини акс эттирувчи ашёлар ҳам бор.

Иккинчи экспозиция турли тарихий даврларда Хитой чинниси таъсирида яратилган ўзбек кулолчилик маҳсулотларидан иборат.

Кўргазманинг марказий экспозицияси унумдорлик ва бойлик рамзи бўлган тут дарахтидан иборат. Бу ерда ипакнинг келиб чиқиши ҳақидаги афсона ва пилла тарихи билан танишиб олиш мумкин. Анъаналар тасвирланган залда меҳмонлар тўқув дастгоҳи ёрдамида ипак гиламни қўлда ишлаб чиқариш жараёни билан визуал тарзда танишишлари мумкин.

Кўргазма якунида Санжар Жабборовнинг Буюк ипак йўли мавзусига бағишланган расмлари намойиш этилган.

Экспозициянинг энг муҳим қисми – Самарқандга кетаётган қайиқда хитойлик маликанинг тасвири асос қилиб олинган намойиш ҳисобланади. Бу композиция VII асрга оид бўлиб, хизматкор ва соқчилар ҳамроҳлигида қайиқда сузиб кетаётган хитойлик малика тасвирланган. Ушбу манзара Афросиёб деворий сурати парчасининг нусхаси ҳисобланади.

Хитой қадимги ва ўрта асрларда Ўрта Осиё ҳудуди орқали Ғарбга бадиий ҳунармандчилик маҳсулотларини етказиб берган ва ушбу транзит йўли маҳаллий халқлар бадиий ҳунармандчилиги турли тармоқларининг шаклланишида муҳим рол ўйнаган.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар