Ейскдаги турар-жой биноси устига Су-34 ҳарбий самолёти қулаб тушди.
Бу ҳақда шаҳарнинг ягона диспетчерлик хизматига таяниб, "Интерфакс" хабар берган.
"Самолётимиз шаҳарга қулади. Ейск. Турар-жой биноси ҳудудида - Коммунистическая, 20/1-уй. Шаҳарнинг турли бурчакларидан тез ёрдам ва ўт ўчирувчилар келяпти, вертолётлар ҳавода", - дейди ТАСС суҳбатдоши.
Яна бир фуқаронинг айтишича, ҳодиса тўққиз қаватли турар жой биносида содир бўлган.
Россия Мудофаа вазирлиги самолёт турар-жой биноси устига қулаганини тасдиқлаган. Маълумотларга кўра, самолёт ўқув парвози учун кўтарилаётганда қулаган. Ҳодисага учиш вақтида двигателлардан бирининг ёниши сабаб бўлган. Самолётда бўлган икки учувчи "катапулта" орқали сакраб, омон қолган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кубандаги бош бошқармаси маълумотларига кўра, ёнғин майдони тахминан 2 минг квадрат метрни ташкил этади.
Расмийлар уй аҳолиси учун ёрдам пункти ташкил этишни бошлашган.
Маълумот ўрнида, Владимир Путин Ейскда Су-34 қирувчи-бомбардимончи самолёти ҳалокатида жабрланганларга барча зарур ёрдам кўрсатишни буюрди.
Кремль маълумотларига кўра, Россия раҳбари вазирлар ва минтақа раҳбарининг ҳисоботларини тинглаган. Путин Краснодар ўлкаси раҳбари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарларига Ейскга учиб кетишни тайинлаган.
Авиаҳалокат факти бўйича жиноий иш қўзғатилгани айтилади.
Дастлабки маълумотларга кўра, жами 17 хонадон зарар кўрган.