Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда туғилиш кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайганига доир статистикани эълон қилди. Унга кўра, ушбу муаммонинг келиб чиқиши асосан коронавирус пандемияси билан боғлиқ. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хусусан, касалликни жиловлаш мақсадида қўлланилган қатъий карантин чекловлари ва “локдаун” қоидалари чақлоқлар дунёга келишини кескин камайтирди.
Яъни бу даврда тиббиёт муассасаларининг юклама билан ишлаши, ҳомиладорлик даврида хасталикни юқтиришдан кучли қўрқув ва иқтисодий муаммолар аксарият ота-оналарни фарзандли бўлиш режасидан вақтинча воз кечишга ундади.
ЖССТнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бу борада Болтиқбўйи мамлакатлари ва Руминияда шиддатли пасайиш динамикаси қайд этилиб, кўрсаткичлар мос равишда 28 ва 23 фоизни ташкил этди. Европа Иттифоқининг қолган давлатларида эса камайиш ҳолатлари 14 фоизга етди.
Ташкилот экспертлари хулосасига кўра, коронавирус чекловлари қанча узоқ давом этса, болалар туғилиши ҳам шунча озаяверади.
Шунга қарамай, бу глобал муаммо Швецияни бутунлай чеклаб ўтгани бежиз эмас. Чунки бу ерда COVID-19 эпидемияси у қадар катта талафот ва йўқотишларни келтириб чиқармади. Шу сабабли расмийлар мамлакатда қатъий карантин чораларини жорий қилмади.
Бинобарин, ўтган йил давомида Буюк Британияда туғуруқлар сони 13 фоиз, Шотландия ва Францияда 14 фоиз ҳамда Испанияда 23 фоизга камайган.
18.10.2022 19:08