Аввалроқ Навоийда эркак марказий поликлиника биноси 3-қаватидан ўзини ташлагани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур нохуш ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабатини маълум қилди.
Аниқланишича, жорий йил 16 октябрь куни соат 14:10 лар атрофида Навбаҳор туманида яшовчи (Кармана туманида доимий рўйхатда турган) 1968 йилда туғилган фуқаро С.С. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиалига бош оғриғи, бош айланиши, умумий қувватсизлик шикоятлари билан мурожаат қилиб келган. Беморнинг сўзларига кўра, унда шифохонага келишидан 30 дақиқа аввал кўчада тутқаноқ хуружи кузатилган.
Текширувлар натижасида фуқаро С.С.га “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош энса соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши ва тутқаноқ хуружи” дастлабки ташхиси қўйилган. Шундан сўнг у муассасанинг нейрохирургия бўлимига ётқизилиб, белгиланган стандартлар бўйича тиббий текширувлардан ўтказилган ва зарур муолажаларни олган.
Шунингдек, бугун беморда куннинг биринчи ярмида юқори диагностик — МСКТ текшируви ўтказилиб, унинг бош мия соҳасида органик ўзгаришлар аниқланмаган. Бироқ 18 октябрь куни соат 15:00 лар атрофида бемор С.С. 3-қаватдаги 2-палата деразасидан номаълум сабабларга кўра ўзини ташлаб, вафот этган.
Ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу ҳолат юзасидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилиб, воқеа сабаблари аниқланмоқда.