Камолиддин Беҳзод ҳақидаги китоб-альбом тақдимоти ўтказилди

МАДАНИЯТ 20.10.2022, 12:14
Камолиддин Беҳзод ҳақидаги китоб-альбом тақдимоти ўтказилди

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтида “Камолиддин Беҳзод ижоди жаҳон олимлари нигоҳида” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Унда Шарқнинг буюк мусаввири, Темурийлар даври ренессансининг атоқли вакили Беҳзоднинг жаҳоншумул мероси, дунё маданиятига қўшга ҳиссаси ҳақида сўз юритилди. Анжуманда мамлакатимизнинг таниқли олим ва мутахассислари, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Франция, Голландия, Ҳиндистондан меҳмонлар иштирок этишди.  

Камолиддин Беҳзод ўзининг бетакрор суратлари, миниатюра санъатининг нодир намуналари билан жаҳон тасвирий санъати тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган. Темурийлар, сафавийлар, шайбонийлар сингари сулолалар маданиятида муҳим из қолдирган. 

Конференция доирасида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр қилинган “Монийни хижолатда қолдирган Камолиддин Беҳзод” китоб-альбомининг тақдимоти ҳам ўтказилди.  

— Маълумки, Беҳзод Темурийлар даври ренессансининг кўзга кўринган вакилларидан бири саналади. Унинг асарларида Темурийлар даврининг энг машҳур тарихий шахслари қиёфаси муҳим ўрин эгаллайди, - дейди Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов. - XV асрнинг охирларида Темурийлар маданий муҳитида  шарқона портрет жанри миниатюра санъатининг мустақил йўналиши  сифатида ривожлана бошлади. Бунда Шарқ миниатюраси, хусусан портрет жанрининг бетакрор намояндаси Камолиддин Беҳзоднинг ҳиссаси катта. Камолиддин Беҳзод туфайли биз Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Абдураҳмон Жомий, Шайбонийхон сингари бир қатор тарихий шахсларнинг ҳаққоний қиёфалари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўламиз. Мазкур альбомда ана шу нодир сувратлар ҳақида ҳам қимматли маълумотлар ўрин олган.  

Таъкидлаш жоизки, шу пайтга қадар мамлакатимизда Беҳзод  ижодини таҳлил қилиб бера оладиган ҳамда унинг энг нодир асарларини жамлаган бу қадар йирик асар чоп этилмаган. "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси доирасида бу вазифа биринчилардан бўлиб амалга оширилди.  

— Беҳзод ўз даврида йирик миниатюра мактабини яратган етук мусаввир ҳисобланади, - дейди. Франциядаги Темурийлар ассоциацияси раҳбари Фредерик Брессанд. – Бутунжаҳон жамияти ҳар доимгидек жуда хайрли ишга қўл урган. Китобда ўта нодир,  қимматли суратлар киритилибди. Олимлар, мутахассислар, миниатюра санъати ихлосмандлари учун яна бир салмоқли асар дунёга келганидан хурсандман.  

Альбомнинг "Монийни хижолатда қолдирган  Камолиддин Беҳзод" деб номланиши тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўрта асрларда ҳиротлик миниатюрачи рассом истеъдодига кўпчилик қойил қолар, у маҳорати бобида ҳатто III асрда яшаб ўтган, монийлик дини асосчиси, машҳур рассом Монийни ҳам ортда қолдирган, деб ҳисоблашган.  

— Ҳозирга қадар Беҳзод ҳаётининг кўп жиҳатлари яхши ўрганилмаган, мазкур альбом эса, мусаввир ҳаёти ва ижодининг номаълум қирраларини очишга  ойдинлик киритади, - дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Рустам Жабборов. -  Альбомни тайёрлаш давомида мусаввир қаламига мансуб, бугунги кунда жаҳоннинг турли музейлари ва кутубхоналарида сақланаётган миниатюралар нусхаларини  йиғиш ва саралаш билан боғлиқ катта ижодий жараён амалга оширилди. Суратларга бой альбом, шубҳасиз, ҳам тадқиқотчилар, олим ва мутахассислар, рассомлар, ҳам мусулмон Шарқи санъати ихлосмандлари  учун зарур  нашр бўлиб қолади.

Конференцияда Беҳзод ҳаёти ва ижоди, Шарқ миниатюра санъати ривожидаги ўрни, рассом ижодининг ўзига хос томонлари, дунёнинг турли ҳудудларида сақланаётган Беҳзод асарлари ҳақида қизиқарли маърузалар тингланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1