АсосийJamiyat

ОИВ муолажаси учун зарур препаратларнинг аксарияти давлат бюджети ҳисобидан қопланади — ССВ

'ОИВ муолажаси учун зарур препаратларнинг аксарияти давлат бюджети ҳисобидан қопланади — ССВ'ning rasmi

Бугунги кунда одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) инсоният саломатлигига хавф солувчи фожеа деб ҳисоблаш мумкин. Олимлар бу дарддан нобуд бўлганлар сони ва касалликнинг  иқтисодий талафотларини ўрганиб, уни жаҳон урушларидаги оғир йўқотишлар билан қиёслайди.

Маълумотларга кўра, ушбу инфекция оқибатида келиб чиқадиган ОИТС эпидемияси бошлангандан буён дунё бўйича 75 млн. киши ундан зарарланди ва 32 млн. нафардан ортиқ инсон вафот этди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилларига таянсак, Ер юзида йилига ўртача 2,5 миллион одам ОИВни юқтириб, улардан ўртача 1 миллион нафарга яқини ҳаётдан кўз юмади. 

Хўш, бугун бу давосиз касалликка қарши курашда юртимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори ўринбосари Гулифор Нормуратова шу ҳақда маълумот берди.

—  ОИВ инфекциясининг оқибатлари беморнинг оиласига, жамиятга катта руҳий, иқтисодий зиён етказади, — дейди мутахассис. — Кечиктириб бўлмайдиган тегишли чоралар кўрилмаса, одам иммун танқислик вируси келтириб чиқарадиган хасталик жадал ривожланиб, сайёрамизда иқтисодий, ижтимоий ва ҳатто сиёсий инқирозни келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис ЖССТ томонидан беморларни вирусга қарши даволаш касалликнинг босқичидан қатъий назар, у аниқланган кундан бошланиши зарур, деб тавсия берилади. 

Юртимизда ОИВ инфекцияли беморларнинг 79 фоизи антиретровирус муолажалар билан қамраб олинган бўлиб, улар учун зарур препаратлар харажатларининг қарийб 80 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланмоқда. Қолган 20 фоизи эса халқаро фондлар ҳисобидан тўлдирилади. 

Бундай беморларнинг муолажаларида узилишлар бўлиши ОИВнинг антиретровирус препаратларига чидамли штаммлари пайдо бўлиш хавфини келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам даволаниш бошлангач, бемор зарур дори воситаларини қабул қилишни тўхтатиб қўймаслиги лозим. Бунинг учун эса унга тегишли препаратлар таъминотида узилишлар бўлмаслиги керак.

ОИВ инфекциясига қарши қўлланадиган ноёб дори воситалари мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайди. Айниқса,  коронавирус пандемияси даврида уларни юртимизга олиб келишда қатор муаммолар юзага келди. 

Халқаро авиақатновлар тўхтатиб қўйилган шундай мураккаб даврда ҳам давлатимиз томонидан бу препаратлар чартер рейслар орқали олиб келингани алоҳида эътиборга сазовор. Бундан ташқари, юртимизда ОИВ инфекцияли оналардан туғилган чақалоқларни 6 ойлик бўлгунга қадар сунъий сут аралашмалари билан таъминлаш масаласи 2023 йилгача ҳал этилган.

Умуман, мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни янада жадаллаштириш ва соҳани такомиллаштириш мақсадида алоҳида Давлат дастури лойиҳаси тайёрланган. Унга мувофиқ, келгуси йилдан бошлаб сунъий сут аралашмаларини харид қилиш, беморларни антиретровирус дори воситалари билан касаллик аниқланган заҳоти қамраб олиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу ҳужжат келгусида ОИВга қарши кураш жараёнида давлат даражасида кўриладиган чора-тадбирлар пойдевори бўлиши, шубҳасиз.
 

    Бошқа янгиликлар