АсосийJamiyat

Тошкентда ичимлик рекламасида беҳаё ҳаракатлар қилган қизлар бўйича ИИВга сўров юборилди

'Тошкентда ичимлик рекламасида беҳаё ҳаракатлар қилган қизлар бўйича ИИВга сўров юборилди'ning rasmi

Тошкентда ичимлик рекламаси муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Табни хира қилувчи видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Кадрда қизларнинг беҳаё ҳаракатлангани акс этади. 

Бу жамоатчиликнинг ғазабига сабаб бўлаётган эди.

Айни пайтда бу ҳаракатлар юзасидан ИИВга сўров юборилган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабарида бу ҳақда сўз боради.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда “Mountain Dew” товар белгиси остидан ўтказилган тадбирида ахлоқсизлик ва ҳаёсизлик хатти-ҳаракатлари намойиш  этилган видеоролик бўйича агентлик тезкор ўрганиш ўтказди.

Маълум бўлишича, “Mountain Dew” товар белгиси остида чиқарилган газланган ичимлиги сертификатлаштириш органи томонидан 2021 йил 8 июлда UZ.SMT.01.0033.66104488-сонли мувофиқлик сертификатига асосан газланган алкоголсиз ичимликлар таснифига киритилган ва энергетик ичимлик ҳисобланмайди. Шу боис, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 37-моддасига асосан Энергетик ичимликларнинг рекламасига доир белгиланган чекловлар унга нисбатан татбиқ этилмайди.

37-моддада нималар акс этади?

Унга кўра, энергетик ичимликларнинг рекламасида, ҳар бир ҳолда, бундай ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши керак.

  • Энергетик ичимликларнинг рекламаси:
  • энергетик ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги;
  • спортда ютуқларга эришган инсонларнинг тасвирини ўз ичига олмаслиги;
  • энергетик ичимликларни истеъмол қилиш рекламадан фойдаланувчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги керак.

Қуйидагилар тақиқланади:

  • соат 7.00 дан соат 22.00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;
  • ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) орқали энергетик ичимликларни реклама қилиш;
  • энергетик ичимликлар намуналарини вояга етмаганлар ўртасида реклама қилиш мақсадида бепул тарқатиш;
  • вояга етмаганларга энергетик ичимликларни реклама қилиш;
  • асосан вояга етмаганлар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса;
  • вояга етмаганлар орасида энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) ёки тасвиридан фойдаланилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва бошқаларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;
  • асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида ҳамда ташкилотларида энергетик ичимликларни реклама қилиш;
  • энергетик ичимликлардан фойдаланилган ҳолда рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш.

Бундан келиб чиқадики, ушбу моддага кўра, “Mountain Dew” ни ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) орқали  реклама қилиш мумкин бўлган.

Бироқ ундаги ахлоқсизлик ҳолатлари қораланмоқда. 

Таъкидланишича, тарқалган видеороликда жорий йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Авто – Шоу” тадбири қатнашувчилар томонидан видеотасвирга олинган ва ижтимоий тармоқда жойлаштирилган.

"Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан бундай ахлоқсизлик ва ҳаёсизлик хатти-ҳаракатлари намойиш этилганлиги ҳолати юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига сўров хати юборилди", — дея маълум қилинмоқда. 

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддасига асосан, безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этганлик учун ҳуқуқбузарга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддасига асосан майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жавобгарлик бор.

Дилбар Абдунабиева.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар