Аввалроқ, Тошкентнинг Яккасарой туманида аёл эри томонидан мунтазам равишда калтаклаб келинаётгани сабаб эрга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди ҳамда у қамоққа олинганди.
Ижтимоий тармоқларда ушбу зўравон эркак қўйиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББнинг ойдинлик киритишича, Дилмурод Д.га нисбатан муқаддам қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Жиноят ишини тергов қилиш жараёнида зўравоннинг адвокати томонидан эркакнинг қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди, қари ота-онаси борлиги ва оилада ягона боқувчи эканлиги муносабати билан илтимоснома киритилган. Унда қамоққа олиш эҳтиёт чорасини енгилроғига ўзгартириш сўралган.
Қайд этилишича, шу важлар муносабати билан Дилмурод Д.га нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилган.
"Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Томонларнинг билдирган барча важлари тўлиқ текширилиб, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади", дейилади изоҳда.






