Бирлашган миллатлар ташкилоти бош ассамблеяси томонидан “25 ноябрь – аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни” деб эълон қилинган. Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-562-сонли қонуни қабул қилинган.
Қонунда гендер бу – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳатидир деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан жорий йилнинг 25 ноябрь – 10 декабрь кунлари “Зўравонликка қарши 16 кун” компанияси ўтказилмоқда.
Судьялар томонидан гендер зўравонликка қарши белгиланган жавобгарлик ҳақида хабардорликни ошириш ва бундай зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда ҳамда ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилиши тартиби ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаган тақдирда келиб чиқадиган жавобгарлик чоралари тушунтирилмоқда.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда кафолатлар қонунийлик, демократизм, жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида таъминланади.
Оилавий муносабатлар соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун ҳуқуқ ҳамда имкониятларнинг тенглиги қуйидагиларга асосланади:
хотин-қизлар ва эркаклар никоҳ тузишининг ихтиёрийлигига;
мажбурий ва эрта никоҳларга йўл қўйилмаслигига;
эр ва хотиннинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенглигига;
оиланинг ички можароларини ўзаро келишув бўйича ҳал қилишга;
уй меҳнатига нисбатан хотин-қизлар ва эркаклар ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларининг тенглигига;
болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишда, вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашда тенг иштирок этишга.
Бола туғилиши муносабати билан она ҳам, ота ҳам ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга. Болани парваришлаш бўйича таътилнинг давомийлиги ота-онанинг ихтиёрига кўра улар ўртасида бўлиниши мумкин, бунда ота-она таътилдан уни қисмларга бўлган ҳолда фойдаланиши мумкин.
Агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмайди.
Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда, уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.
О.Шукуров,
Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди раиси






