1992 йил 10 декабрь "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кун. Бугун, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигига ҳам 30 йил тўлди. Хўш, давлат мадҳиясининг яратилиши тарихи қандай бўлган? "darakchi.uz" маълумотлар асосида тарихга назар солди.
Мадҳия мусиқаси яратилиши тарихи мустақил Ўзбекистон тарихидан аввалроққа бориб тақалади. 1946 йилда СССРнинг илк мадҳияси пайдо бўлганидан сўнг Ўзбекистон ҳам ўз мадҳиясини яратишга киришади. Мадҳия мусиқаси танловида ўша вақтлар энди ижодини бошлаган бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси ғолиб чиқади.
"Бошқа юмушларни четга суриб, бутун вужудим билан ишга киришдим. Ўзбек халқ мусиқасининг рангин оҳангларини изладим, чунки унда шашмақомимизнинг гардун йўли бор... Ниҳоят, мадҳияни тугатдим. Ноталарини тайёрлаб, конвертга солдим-да устига “Поэма” деб шартли ном қўйиб, ҳайъатга жўнатдим", - дея ёзган бастакор ўзининг “Кўнгил хазинаси” китобида.
1967 йилга келиб эса Ўзбекистон ССР мадҳияси матнига Туроб Тўла томонидан айрим ўзгартиришлар киритилади, бироқ мусиқа ўзгартирилмайди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг янги давлат мадҳиясини яратиш устида иш бошланди, танлов эълон қилинди. Танловга 40 йилдан бери ижро этиб келинаётган эски мадҳия мусиқаси ҳам номзод асарлар қаторидан ўрин олди. Унга Абдулла Орипов янги матн ёзди. "Серқуёш" деб юқори нота билан бошланувчи янги мадҳия барчанинг қалбидан жой олди.
"Янги эълон қилинган танлов қатнашчиси сифатида мустақил давлатимиз парламентида ўтирар эканман, қалбим ғурурга тўла эди, чунки шу мусиқа барчанинг қалбидан жой олганига ишонардим. Мусиқанинг ярмига келганида залда олқишлар бошланди..." - деган эди Мутал Бурҳонов.
Шу тариқа А. Орипов ва М. Бурҳонов томонидан яратилган асар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси этиб тасдиқланди. Ўшанда 1992 йилнинг 10 декабь куни эди.
Маълумот учун: Қонунга кўра, Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.