АсосийJamiyat

Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчилар шам ёруғида дарс ўтгани айтилмоқда

'Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчилар шам ёруғида дарс ўтгани айтилмоқда'ning rasmi

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 280-мактабда ўқувчилар шам ёруғида дарс ўтаётгани акс этган суратлар тарқалди. Ҳолат бўйича туман ҳокимлиги расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, бу сурат шу йилнинг 6 декабрь куни олинган бўлиб, ўша куни мактаб жойлашган мавзеда катта носозлик юз берган, шу сабабли ўқувчилар чироқсиз дарс ўтишган.

Изоҳ берилишича, мактаб жойлашган ҳудудда ортиқча юклама бўлгани туфайли трансформатор подстансиясида шахмат тахтаси тартибида электр қуввати вақтинча ўчирилган. Ўша куни мактабдаги 66 та синфхонадан 17 тасида электр таъминоти бўлмаган. 

"Булутли об-ҳаво туфайли эрталаб синфхоналарда одатдаги кунларга қараганда ёруғлик пастроқ бўлгани учун ўқитувчилардан бири ўз ташаббуси билан шам ёққани маълум бўлди”, дейилади баёнотда.

Қўшимча қилинишича, электр таъминотидаги муаммо бўйича мактаб маъмуриятининг Чилонзор туман халқ таълими бўлими ва ҳокимлик ҳузуридаги штабга хабар етказилган. Сўнг 7 декабрь куни тармоқдаги муаммо туман Электр тармоқлари корхонаси томонидан бартараф этилган.

Ҳозирда мактаб электр қуввати билан тўлиқ таъминланган.

    Бошқа янгиликлар