АсосийJamiyat

Олмалиқдаги ноқонуний газга уланган ғишт заводи мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

'Олмалиқдаги ноқонуний газга уланган ғишт заводи мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди'ning rasmi

Аввалроқ Тошкент вилояти прокурори Президент Администрациясидан ноқонуний газга уланган ғишт заводни тармоқдан узмасликни сўраган, бу ҳақда Администрация раҳбари Сардор Умурзаков аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш бўйича Республика штабининг йиғилишида маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳолатга аниқлик киритди. 

Маълум қилинишича, Олмалиқ шаҳрида жойлашган “Олмалиқ ғиштчи” МЧЖга қарашли ғишт заводи 2022 йил 29 ноябрь куни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун газ таъминотидан узилган. Куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларини газ билан таъминлаш зарурати туфайли табиий газдан фойдаланишни вақтинчалик тақиқлаш доирасида ушбу корхонани тармоқдан узиш белгиланган тартибда амалга оширилди.

Текширув давомида ишчи гуруҳ томонидан мазкур хўжалик субекти кейинчалик маҳаллий газ таъминоти ташкилоти кўмагида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан улангани аниқланди. Ўтган давр мобайнида ғишт заводи томонидан 118 282 метр куб табиий газ ноқонуний фойдаланилиб, 118 миллион сўмлик зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар прокуратураси томонидан 2022 йил 9 декабр куни “Олмалик ғиштчи” МЧЖ ва “Олмалиқшаҳаргаз” филиали мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Текширув давомида маълум бўлишича, вилоят газ таъминоти ташкилоти раҳбари прокуратурага мазкур корхонанинг фаолият юритиши зарурати тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, буни маълум экспортчилар рўйхатига киритилгани билан изоҳлаган ва бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Аниқланган фактлар юзасидан унга нисбатан ҳам терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар