АсосийJamiyat

"Тартибни бузиб қўймаслик учун намойишлар уюштириш тартибини билиб қўяйлик". Расул Кушербаев блогерга қўйилган айблов бўйича изоҳ талаб қилди

'"Тартибни бузиб қўймаслик учун намойишлар уюштириш тартибини билиб қўяйлик". Расул Кушербаев блогерга қўйилган айблов бўйича изоҳ талаб қилди'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, кеча, 13 декабр куни Фарғона вилоятида, жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судида блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисми ва 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланди.

Суд қарори билан блогер юқорида моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга бир неча ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўллаш тартибида БҲМнинг 70 баравари – 21 млн сўм миқдорида жарима жазоси белгиланди.

Айни пайтда блогерга қўйилган айблов ва унга берилган жазо кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз суносабатини эълон қилди. 

"Суд фуқаро, блогер Олимжон Ҳайдаровни "йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби"ни бузган, деб топиб, бунинг учун унга жазо белгилабди. Шахсан мен шу кунга қадар "йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби"ни кўрмадим ҳам ўқимадим ҳам. Қидириб ҳам тополмаяпман. Ички ишлар вазирлиги масъулларидан ҳам сўрадим, йўқ экан.

Суддан илтимос қиламиз: бошқалар ҳам тартибни бузиб қўймаслиги учун ўша ўзларига маълум "йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби"ни бизларга ҳам маълум қилиб, тушунтириб беришсин.

Агарки тартибни бузган, деб топибдими, демак бу тартиб судга маълум. Шу боис, Олий суддан жавоб кутамиз", - деб ёзиб қолдирган Кушербаев. 

 

    Бошқа янгиликлар