Андижон ҳамда Жиззах вилоятларида газ ҳисоблаш ускуналарини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда ушбу филиалнинг Андижон шаҳар бўлими мансабдор шахслари ва бошқалар 839 миллион сўмлик газ ҳисоблаш ускуналарини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Шароф Рашидов тумани бўлими томонидан «Шароф Рашидов тумангаз» газ таъминот бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда ушбу бўлим мансабдор шахслари жами 93 миллион сўмлик газ ҳисоблаш ускуналарини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






