Жорий йил 27 декабрь куни Саудия Арабистони вақти билан соат 09:15да “Ал-Афаж” транспорт компаниясига тегишли “Мерcедес-Бенз” русумли автобус ҳайдовчиси “Жидда-Мадина” 160-магистрал йўлида ухлаб қолиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги.
Оқибатда мазкур автобусда Ўзбекистондан борган 50 нафар юртимиз зиёратчиларидан 10 нафари жароҳатланган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган хабарга кўра, мазкур транспорт ҳодисаси оқибатида жабр кўрганларга Мадина шаҳри яқинидаги “Вади Ал-Фаръ” ва “Ал-Ҳимна” шифохоналарида тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Автобусдаги 40 нафар зиёратчи Мадина шаҳридаги меҳмонхонага жойлаштирилди.
"Мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган. Ушбу мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамда тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилган. Дипломатларимиз фуқароларимиз ҳолидан хабарбор бўлиб турибди", - дейилади вазирлик хабарида.






