АсосийJamiyat

1 апрелдан бошлаб, шифокорлар малака тоифасини олиш учун янги тартиблар жорий этилади

'1 апрелдан бошлаб, шифокорлар малака тоифасини олиш учун янги тартиблар жорий этилади'ning rasmi

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида иш бошлаган Амрилло Иноятов бошчилигида вазирлик марказий аппарати ходимлари, барча ҳудудий бошқармалар ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари, ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртлари масъуллари иштирокида кенгайтирилган Ҳайъат йиғилишида маълум қилинди. 

Унда олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари АҚШ, Жанубий Корея, Германия ва Россия стандартлари асосида қайта кўриб чиқилиб, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура ўқув режаларига нанотехнология, тиббиёт генетикаси, IT-технологиялар каби фанлар киритилиши ва хорижий педагогларни жалб қилган ҳолда ўқув жараёнлари ташкил этилиши, таълим муассасасини битираётган ҳар бир мутахассис камида 1 та чет тилига мукаммал эга бўлиши учун ҳаракат қилиниши белгилаб берилди.  

Вазир тиббиётда етакчи бўлган хорижий университетлар дарслик ва илмий ишлари асосида ўзбек ҳамда қорақалпоқ тилларида янги авлод тиббий адабиётлари яратилиши, талабаларнинг назарий ва амалий билим-кўникмаларини баҳолаш бўйича икки босқичли янги тизим жорий этилиши ҳақида ҳам айтиб ўтди.

“Таълим йўналишидаги бюрократик тўсиқларга барҳам берилади. Жумладан, методик қўлланмалар, монографиялар, услубий қўлланмалар, илмий ишларга хулосалар беришни вазирлик томонидан тасдиқлаш тизими бекор қилиниб, бу борадаги барча ваколатлар ОТМ ва ихтисослаштирилган марказларга берилади.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб, малака тоифаси олиш бўйича тақдим этиладиган ҳужжатларни Давлат хизматлари марказлари орқали фақат электрон шаклда қабул қилиш тартиби жорий этилади. Малака тоифа сертификатлари QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади. Кейинги йилдан бошлаб фармацевтика ва тиббиёт ходимлари фаолиятини босқичма-босқич лицензиялашга ўтамиз, — деди А.Иноятов”. 

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазири лавозимга тайинланган илк кунлардан бошлаб тизимни коррупциядан тозалашга киришган эди.

    Бошқа янгиликлар