АсосийJamiyat

Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади

'Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади'ning rasmi

Давлатимиз раҳбари бошчилигида давом этаётган видеоселектор йиғилишида президент Навоий, Бухоро, Наманган, Қўқон, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарлари, Зафаробод, Арнасой, Вобкент, Шофиркон, Когон, Ғиждувон, Ромитан туманларининг бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича режалари пухта ишлаб чиқилмагани, уларда мавжуд барча имконият ва захиралар ҳисобга олинмаганини танқид қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар бермоқда.

Шу билан бирга, камбағаллик кўрсаткичлари республика бўйича яхшиланган бир пайтда, Навоий, Сурхондарё ва Фарғонада ўзгариш сезилмаётгани таъкидланди.

Президент камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий механизми – аҳолини даромадли иш билан таъминлаш эканини қайд этди. Шу боис, маъмурий ислоҳотлар доирасида камбағалликни қисқартиришга масъул 5 та идора яхлит тизимга айлантирилди. 

Эндиликда меҳнат ресурслари ва ишсизлик ҳисобини юритиш ҳам, бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни маҳаллабай ривожлантириш ҳам битта - Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлади. Бундан ташқари, янги вазирликка Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича катта тажрибага эга экспертлар жалб қилинмоқда.

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ушбу экспертлар билан бирга барча вилоятларда камбағалликни қисқартириш бўйича амалий ишларни ташкил қилиш, вилоят ҳокимлари билан бирга 2023 йил учун бандлик дастурини туманлар кесимида қайтадан кўриб чиқиб, тасдиқлаш топширилди.

Президент оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилишини таъкидлади. Жумладан, 2023 йилда:

- тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади;

- деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори 50 миллион сўмгача оширилади (амалда 33 миллион сўм);

- аввал оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиб, яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар ушбу дастурлар доирасида яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади (ҳозир фақат бир марта олиш мумкин);

- кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат берилади.

2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм берилади (2022 йилда – қарийб 10 триллион сўм). Президент яқинда имзолаган қарорга кўра, оилавий тадбиркорликка қўшимча 300 миллион доллар ажратилади.

    Бошқа янгиликлар