Қон қуюқлашиши қанчалик хавфли?

САЛОМАТЛИК 28.01.2023, 17:47
Қон қуюқлашиши қанчалик хавфли?

Кўпчилик инсонлар ҳаётида бир марта бўлса ҳам қон таҳлили топширган ёки вена орқали инъекция қабул қилган. Шу пайтда баъзи беморлар ўзининг қони тўқ рангга кириб, қуюқлашганига гувоҳ бўлади.

Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолатга эътиборсиз бўлиш керак эмас. Аксинча, қон таҳлиллари орқали унинг қуюқлашиб кетгани аниқ бўлгач, вақтида даволаниш зарур. Акс ҳолда, организмда турли касалликлар келиб чиқиши мумкин

— Қон – инсон тана аъзо ва тўқималарини кислород ҳамда зарур озуқа моддалари билан таъминловчи муҳим суюқлик, — дейди олий тоифали шифокор Назокат Орипова. — У инфекцияларга қарши курашиб, ички аъзолар фаолиятида иштирок этади. Қон қуюқлашиши организмдаги ана шу жараёнларнинг бузилишига олиб келади. Оқибатда яширин касалликлар юзага келиши ёки янгилари пайдо бўлиши мумкин.

Қон қуюқлашишига кўпинча совқотиш, қаттиқ асабийлашиш, қандли диабет, шунингдек ширинликлар, картошка, банан, тухум, газли ичимликлар, фаст-фуд ва турли қовурма таомлар сабаб бўлади. Қолаверса, бу ҳолат кам суюқлик ичиш, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ёки кескин пасайиши ва организмдаги айрим ўзгаришлар туфайли ҳам юзага келади.

 Натижада инсонда бош оғриғи, жиззакилик, тушкунлик, хотира пасайиши, ҳолсизлик, уйқучанлик, қўл ва оёқлар совқотиши, оғиз қуриши кузатилади. 
Юрак тез уриши, нафас қисиши, тананинг турли қисмларида кўкаришлар пайдо бўлиши ва тирноқ шакли ўзгариши мумкин. Ҳатто мияга қон яхши етиб бормаса, бош айланиши, ҳушдан кетиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Бу салбий ҳолатлар эса томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлганидан дарак беради. Оқибатда инсульт ва инфаркт хавфи ортади.
Қон ҳолатини текшириш учун шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Агар тиббий тееширувлардан сўнг унинг қуюқлиги меъёрдан ортиқ экани маълум бўлса, зарур муолажалар тайинланади.

 Бироқ қонни суюлтирувчи дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш мумкин эмас. Сабаби унинг ҳаддан ортиқ суюқлашиши жароҳатларда қоннинг тўхтамай қолишига олиб келади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1