Фарғона вилояти ИИБ Олтиариқ туманида журналистга босим ўтказилгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 27 январь куни Dalil.uz сайтининг Фарғона вилояти мухбири Д.Р. томонидан туман марказидаги деҳқон бозорида журналистик суриштирув олиб бориш жараёнида, шу ерда савдо билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан мухбирнинг ҳаракатларидан норозилик пайдо бўлиб, ўзаро жанжал келиб чиққан.
Мазкур ҳолат туман ИИБ томонидан тегишли тартибда рўйхатга олиниб, терговга қадар текширув якунига кўра, ИИО ходимининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган Dalil.uz электрон ахборот сайти мухбири Д.Р., фуқаролар С.Х ва И.И.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (Майда безорилик), 194-моддалари (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) тартибида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Шунингдек, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни интернетда тарқатган фуқаро Т.Ғ., фуқаролар М.Ҳ (видеомурожаатдаги аёл) ҳамда И.Ғ.га ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судига юборилган.
Суд Dalil.uz электрон ахборот сайти мухбири Д.Р., фуқаролар, С.Х., М.Ҳ., И.Ғ ва И.И.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ, фуқаро Т.Ғ.га нисбатан БХМнинг 10 баробари миқдорида жарима жазоларини тайинлаган.
«Шу ўринда, Фарғона вилоят ИИБ журналист ва блогерлар учун ҳамиша ҳолислик ва очиқликка тайёр эканлигини маълум қилиб, ўз фаолиятларини қонунчиликка риоя қилган ҳолда олиб боришларини сўраймиз», — дейилади хабарда.






