Саккизинчи қурбон. Жек РИЧИ (1922 — 1983)

МУТОЛАА 27.09.2016, 10:39
Саккизинчи қурбон. Жек РИЧИ (1922 — 1983)

Жек Ричи тахаллуси билан детектив жанрида ижод қилган америкалик ёзувчи Жон Жорж Ричининг умри давомида яратган роман ва  ҳикоялари муаллифга оламшумул машҳурлик келтирган. “Қотил керак”, “Одам ўғрилари”, “Эмили вафот этгач”, “Яшил юрак”, “Чикка ёки пукка”, “Ижара ҳақи”, “Дуранг ҳолати” каби ҳикоялари дунё матбуотида қайта-қайта чоп этилган. 

Саккизинчи қурбон
(Ҳикоя)

Мен машинани соатига саксон километр тезликда елдириб борардим, бироқ текис йўлга чиқиб олгач, тезлик икки баробар камдек туюлди. Автомобиль радиосидан янгиликларни тинглаётган малласоч йигитнинг кўзларида ёввойиларча ўт чақнади. Янгиликлар тугагач, йигитча радионинг овозини ўчирди.

— Ҳозирча унинг еттита қурбонини топишибди, — деди йигит энгагини силаб. 

— Эшитдим, — дедим бош ирғаб.

Бир қўлимни рулдан бўшатиб, асабимни тинчлантириш учун энсамни силадим.

Ҳамроҳим менга қараб айёрона кулимсиради:

— Нега асабийлашяпсан?

Унга бир қараб олдим.

— Йўғ-е, нега асабийлашарканман?

Аммо у тиржайиб ўтираверди.

— Полиция Эдмонт атрофида эллик миля доирасидаги барча йўлларни тўсиб қўйибди.

— Буниям эшитдим.

Йигитча ҳиринглади.

— У пихини ёрганлардан.

Мен унинг тиззасида ётган занжирли сумкасига назар солдим.

— Узоққа кетяпсанми?

У елка қисди.

— Билмасам.

Йигитча паканароқ, қилтириқдан келганди. Ташқи қиёфасидан ўн етти яшар ўспиринни эслатар, аммо бундан беш ёш катта бўлиши ҳам мумкин.

Йигитча қўлини иштонига артди.

— Ҳеч ўйлаб кўрдингми, бу ишларни қилишга уни нима мажбур қиляпти экан?

Мен нигоҳимни йўлдан узмадим.

— Йўқ, ўйлаб кўрмаган эканман.

У лабларини ялаб олди.

— Балким бутун умр кимдир унга жабр-зулм ўтказгандир, нима қилиш кераг-у, нимага қўл урмасликни унинг ўрнига ҳал қилишгандир? Вақти келиб бу босимга дош беролмай қолган.

Йигитча йўлга тикилиб қолди.

—Унинг сабр-косаси тўлиб, портлаган. Ахир ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор.

Мен оёғимни тепкидан бўшатдим. Йигитча менга қаради.

— Нимага тезликни пасайтиряпсан?

— Бензиним кам. Биринчи ёқилғи қуйиш шаҳобчасигача қирқ миля бор. Кейинсига, эҳтимолки, тағин қирқ миля бордир. 

Машинани четга буриб, тизилиб турган учта бензоколонкалар ёнида тўхтадим. Ёши ўтиб қолган киши машинани айланиб, мен ўтирган томонга ўтди. 

— Бакни тўлдириб, мойни текшириб қўйсангиз, илтимос, — дедим.

Йигитча атрофни кўздан кечирди. Бу буғдой даласидаги ягона пастаккина бино эди. Ойналарни чанг босган. Ичкаридаги деворга илинган телефон аранг кўзга ташланади. Йигитча норози бўлиб, оёғини ликиллатди. 

— Чол узоқ тимирскиланди-да. Кутишни ёмон кўраман.

У қариянинг капотни кўтариб, мойни текшираётганига разм солиб турди. 

— Нимага шарти кетиб, парти қолган чоллар янаям узоқ умр кўргиси келади-а? Ундан кўра ўлиб қутулишгани яхши эмасми?

Мен сигарета тутатдим.

— Чол сенинг бу гапингга қўшилмаган бўларди.

Йигит нигоҳини чолдан узиб, ишшайди.

— Анави ерда телефон бор экан. Балки битта-яримтага қўнғироқ қилишни истарсан?

Мен оғзимдан паға-паға тутун пуфладим. 

— Йўқ.

Қария хизмат жойига қайтгач, йигитча ойнадан мўралади.

— Жаноб, радионгиз борми?

— Йўқ. Шовқинни ёқтирмайман, — деди қария бош чайқаб.

— Гапингизда жон бор, жаноб. Осойишталик бўлса, умрингиз узаяди, — деб иршайди йигитча.

Йўлга чиққач, тезликни яна саксонгача оширдим. Йигитча бир муддат мум тишлаб ўтирди, сўнг тағин тилга кирди:

— Етти кишини асфаласофилинга жўнатиш учун озмунча ирода-ю, матонат керакми?! Сен бирон марта қўлингга тўппонча ушлаганмисан?

— Менимча, ҳар бир одам ушлаган бўлса керак.

У тишининг оқини кўрсатди.

— Биронтасига қурол ўқталганмисан?

Мен унинг ўз сўзларидан илҳомланиб, чақнаётган кўзларига боқдим.

— Одамларни даҳшатга солиш зап иш-да, — деди у. — Агар қўлингда қурол бўлса, катта одамга айланасан.

— Ҳа, сен энди пакана эмассан.

Йигит сал-пал қизарди.

— Сендан бошқасининг қўлида қурол йўқ экан, демак, сен дунёдаги энг қудратли одамсан.

— Кимнидир ўлдириш учун кучли асаб керак, — деди йигитча. — Кўпчилик буни билмайди.

— Қурбонларнинг биттаси беш ёшли болакай экан, — дедим. — Бунга нима дейсан?

Йигит лабларини ялади.

— Балки бу тасодифдир?

Мен бошимни сарак-сарак қилдим.

— Бошқалар бундай деб ўйламайди-да.

Йигит бир лаҳзага каловланиб қолди.

— Нимага у норасида гўдакни ўлдира олади, деб ўйлаяпсан?

Кифтимни учирдим.

— Бирон нима дейиш қийин. Бир марта қотилликка қўл урдингми, у ёғига ўрганган кўнгил ўртанса қўймайди. Балки қайсидир лаҳзаларда унга қурбонларининг жинси, ёши аҳамиятсиз бўлгандир. Улар бор-йўғи қурбонлар.

Йигитча бош ирғади.

— Балки одам ўлдиришдан лаззатланар? Асосийси — биринчи қадам, у ёғи силлиқ кечаверади. 

У беш дақиқача жим кетди.

— Полиция уни ҳеч қачон ушлолмайди. Чунки у илоннинг ёғини ялаган.

Бир зумга кўзимни йўлдан уздим. 

— Ҳамма уни билса, бутун мамлакат уни таниса, бунисига нима дейсан?

Йигитча озғин елкасини қисди.

— Балки бу нарса уни ташвишга солмас. У ўзини тўхтатолмаган. Энди у одамларнинг наздида зўр одамга айланди.

Бир милча жим кетдик, кейин йигитча:

— Радиодан унинг ташқи қиёфасига берилган таърифни эшитдингми? — деб сўради.

— Албатта. Бир ҳафтадан бери шу ҳақда тинмай жаврашяпти.

У менга жиддий қиёфада тикилди.

— Мени машинангга ўтқизишдан чўчимадингми?

— Йўқ.

У маккорона тиржайишда давом этди.

—Нима бало, асабларинг темирданми?

Бош чайқадим.

— Йўқ. Бирор баҳонаи-сабаб бўлмаса, қўрқмайман.

— Мен ўша таъриф-у тавсифларга жуда мос келаман-да.

— Бу турган гап.

Йўлнинг чек-чегараси кўринмайди, атроф бийдай дала, кимсасиз. Йигитча ҳиринглади. 

— Мен қуйиб қўйганек ўша қотилга ўхшайман. Ҳамма мендан чўчийди. Бу эса менга мойдек ёқади.

— Менимча, сен эрмак қилгансан.

— Охирги икки кун ичида полициячилар мени шу йўлда уч марта ушлаб, олиб кетишди. Худди қотил каби мен ҳам машҳур бўлдим.

— Биламан, — дедим. — Ҳали сен бунданам машҳур бўласан. Сени шу йўлда топаман, деб тахмин қилгандим.

Тезликни пасайтирдим.

— Нима деб ўйлайсан, мен улар таърифлаган қотилга ўхшайманми?

Йигит нафратомуз кулимсиради. 

— Йўқ. Сенинг сочларинг қўнғир. У эса мен каби малласоч.

Мен жилмайдим. 

— Аммо-лекин сочларимни бўяшим мумкин-ку.

Йигитча нима воқеа рўй беришини англаб, кўзлари косасидан чиққудай олайиб кетди.

…Йигитча саккизинчи қурбон бўлади.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1